Туризм ва маданий мерос соҳаларидаги устувор вазифалар ижроси кўриб чиқилди
2026-02-12 17:45:00 / Янгиликлар

Термиз шаҳрида ҳудуднинг экологик барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида "Ботаника" боғи барпо этилмоқда. Лойиҳага мувофиқ, мазкур маскан келгусида нафақат замонавий дам олиш ҳудуди, балки турли ўсимлик, дарахт ва бута кўчатларини воҳа иқлим шароитига мослаштириш, уларни кўпайтириш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш марказига айлантирилади.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов лойиҳанинг амалга оширилиш жараёни билан танишиб, масъулларнинг ҳисоботларини тинглади. Қурилиш ва ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, боғга туташ ҳудудда "Термиз Плаза" меҳмонхонасининг янги биноси қурилиши ҳамда туну-кун фаолият юритувчи туризм кўчасини ташкил этиш ишлари кўздан кечирилди. Лойиҳаларни тасдиқланган меъёрий ҳужжатлар асосида амалга ошириш, шаҳарсозлик нормалари ва архитектура талабларига қатъий риоя қилиш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.
Кейинги манзилда вилоят раҳбари Султон Саодат мажмуасида тарихчи олимлар ва зиёлилар билан учрашув ўтказди. Мулоқот давомида Президентимиз қарорига мувофиқ Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини муносиб нишонлаш, шунингдек, Ҳукумат мажлисида белгилаб берилган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида ижро этиш масалалари муҳокама қилинди. Олимлар томонидан илмий-амалий йўналишда қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.







