Сурхондарёда қарийб 15 минг гектар майдонда замонавий сув тежовчи технологиялар жорий этилмоқда
2026-01-31 18:55:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни, хусусан, ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш усулларини жорий этиш бўйича белгилаб берган вазифалари ижроси доирасида ҳудудларда амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, жорий йилда Сурхондарё вилоятида жами 14 950 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш режалаштирилган. Лойиҳаларни амалга оширишга маҳаллий ҳамда Туркия ва Хитойдаги соҳада илғор компаниялар жалб этилган. Натижада сув сарфи ва маҳсулот етиштириш харажатларини сезиларли даражада камайтириш, ҳосилдорликни эса анъанавий усулларга нисбатан бир неча баробар ошириш мақсад қилинган.
Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Ангор, Музработ ва Шеробод туманларида мазкур лойиҳалар доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ташриф чоғида Ангор ва Музработ туманларида қишлоқ хўжалиги майдонларида жорий этилаётган ишлар кўздан кечирилди. Шунингдек, Музработ туманида хитойлик инвесторлар томонидан ташкил этилган ПВC қувурлар ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан ҳам танишилди.
Шу билан бирга, Шеробод туманида амалга оширилаётган ишлар ҳамда лойиҳалар ижроси бўйича тақдимотлар ўрганилди.
Соҳа ва ҳудудлар раҳбарларига ҳар бир ҳудудда лойиҳаларни сифатли ва манзилли амалга ошириш, эришиладиган натижалар ҳамда иқтисод қилинадиган маблағлар ҳисобига сув тежовчи технологиялар жорий этиладиган майдонларни янада кенгайтириш бўйича тегишли вазифалар белгиланди.









