Сурхондарёда Ватан ҳимоячилари куни ва Қуролли Кучларимизнинг 34 йиллиги тантанали нишонланди
2026-01-14 14:20:00 / Янгиликлар

Байрам тадбирлари Термиз шаҳридаги Хотира майдонида бошланди. Унда вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, офицер ва сержантлар, ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Ҳарбий оркестр садолари остида “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотираси ёд этилди.
Шундан сўнг Термиз шаҳридаги “Санъат саройи” мажмуасида тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими — Ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Улуғбек Қосимов иштирок этиб, йиғилганларни Қуролли Кучларимизнинг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклади.
Тадбир давомида Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда фидокорона хизмат қилаётган бир гуруҳ ходимлар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, вилоят ҳокимига Миллий гвардия қўмондонининг "Намунали хизматлари учун" И даражали кўкрак нишони топширилди.
Байрам якунида Қуролли Кучлар оркестр ва ансамбллари ҳамда вилоят Маданият бошқармаси санъаткорлари томонидан намойиш этилган консерт дастури юртимиз посбонларига кўтаринки кайфият улашди.









