Техник регламентларни халқаро илғор тажриба асосида такомиллаштириш бўйича семинар
2026-10-06 10:05:00 / Янгиликлар

✅Ўзбекистоннинг техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини халқаро илғор тажриба асосида такомиллаштириш, техник регламентларни ишлаб чиқиш жараёнида замонавий ёндашувларни жорий этиш мақсадида Тошкент шаҳрида тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва хавфларни бошқариш масалаларига бағишланган семинар ўтказилмоқда.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 16-февралдаги ПФ-25-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан Швеция Миллий савдо кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилди. Мазкур семинар икки томонлама ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлиб, аввалги семинар жорий йилнинг апрель ойида ўтказилган эди.
✅ Семинарнинг асосий мақсади техник регламентларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришда тартибга солиш таъсирини баҳолаш (Regulatory Impact Assessment — RIA) механизмларини амалиётга жорий этиш, шунингдек, мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини танлашда хавфларни баҳолашнинг замонавий усулларини ўрганишдан иборат бўлди.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг амалдаги «Болалар ўйинчоқларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги техник регламенти ҳамда «Электромагнит мослашувчанлик тўғрисида»ги техник регламент лойиҳаси мисолида RIA усулларини қўллашнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди. Шунингдек, маҳсулотнинг хавф даражасини ҳисобга олган ҳолда мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини белгилаш ва хавфга мутаносиб ёндашувни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
✅ Швеция Миллий савдо кенгаши билан ҳамкорлик Ўзбекистонда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини халқаро, хусусан, Европа Иттифоқи амалиётига уйғунлаштириш, тартибга солиш жараёнларининг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш ҳамда маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлашда хавфга асосланган ёндашувларни кенг жорий этишга хизмат қилмоқда.
✅ Семинар давомида техник регламентларни ишлаб чиқишда RIA ва хавфларни баҳолаш механизмларидан тизимли фойдаланиш, мувофиқликни баҳолашнинг хавфга мутаносиб тартиб-таомилларини шакллантириш ҳамда ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди




