Россия Фанлар академияси билан илмий-техник ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-08-05 10:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида Россия Фанлар академиясининг Энергетика, машинасозлик, механика ва бошқарув жараёнлари бўлими академик-котиби Владислав Хомич бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Агентлик директори Акмал Жуманазаров, Ўзбекистон миллий метрология институти директори Ш.Исматуллаев ҳамда Россия Фанлар академияси вакиллари ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар.
Музокаралар давомида квант метрологияси соҳасида илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, мутахассислар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, қўшма илмий-инновасион лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, миллий эталонларни яратиш ва уларнинг базасини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар метрология ва стандартлаштириш соҳаларида илғор тажрибаларни алмашиш, илмий-техник салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда ҳамкорликнинг янги йўналишларини йўлга қўйиш юзасидан ҳам келишувга эришдилар.
Учрашув якунида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Россия Фанлар академияси ўртасидаги ўзаро манфаатли илмий-техник ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва тажриба алмашинувини изчил давом эттиришга тайёр эканликлари қайд этилди.


