МДҲ сифат мукофоти: Ўзбекистоннинг 6 та корхонаси халқаро эътирофга эришди
2026-07-08 10:00:00 / Янгиликлар

Миллий маҳсулотлар сифат МДҲ сифат мукофоти: Ўзбекистоннинг 6 та корхонаси халқаро эътирофга эришди 🇺🇿 Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл вилояти, Чўлпонота шаҳрида маҳсулотлар ва хизматлар сифати соҳасида эришилган ютуқлар учун МДҲ мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли танлов МДҲ давлатларида сифат менежменти тизимини ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ҳар икки йилда бир марта ташкил этилади.
Бу йилги танловда Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондан жами 27 та корхона иштирок этиб, уларнинг 25 таси лауреат ва дипломант деб эътироф этилди.
Танловда Ўзбекистон вакиллари ҳам муносиб иштирок этди.
Натижаларга кўра, Самарқанд вилояти Ургут туманидаги “ SAM-FERRE ” МЧЖ МДҲ мукофоти лауреати деб топилди. Шунингдек, “ TOSHELECTROAPPARAT ” АЖ, “ KHANTEX-GROUP ” МЧЖ, “ ADM JIZZAKH ” МЧЖ, “ PROMEAT GROUP CORP.” МЧЖ ва “ Ferghana France ” МЧЖ дипломантлар қаторига киритилди.
Тақдирлаш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги делегацияси мамлакатимизда халқаро стандартларни жорий этиш, сифат инфратузилмасини такомиллаштириш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.
Ўзбекистон корхоналарининг мазкур халқаро мукофот совриндорлари сафидан ўрин олиши мамлакатимизда маҳсулот ва хизматлар сифати, рақобатбардошлик ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш йўлида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг яна бир амалий натижаси бўлди.



