Ишлаб чиқарувчи корхоналар билан техник жиҳатдан тартибга солиш, маҳсулот сифати ва бозор назорати масалалари муҳокама қилинди
2026-07-01 10:00:00 / Янгиликлар

✅ Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров томонидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Ангрен шаҳарларида фаолият юритувчи ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.
✅ Жумладан, “EAST MINING INVEST” МЧЖ ҚК (Arton brendi) ҳамда “Angren Gofrokarton Fabrikasi ” МЧЖ ХК раҳбарияти билан бўлиб ўтган мулоқотлар давомида автоклавланган газбетон, девор ва тўсиқ блоклари, шунингдек, гофрировка қилинган қоғоз, картон ва картон тара (идиш)лар ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотлар сифати ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувларда маҳсулотларнинг техник регламентлар ва стандартлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш, номувофиқ маҳсулотларнинг муомалага чиқарилишининг олдини олиш ҳамда ички бозорда бозор назорати самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, корхоналарнинг синов лабораториялари салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уларни ривожлантириш ва малакалилигини маъқуллашдан ўтказиш, маҳсулотларни халқаро стандартлар талаблари асосида синовдан ўтказиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларига халқаро стандартларни кенг жорий этиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
✅ Мулоқотлар давомида маҳсулотлар сифатини ошириш, уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, ички ва ташқи бозорларда ишончлилиги ҳамда сифат кўрсаткичларини янада яхшилаш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 16-февралдаги ПФ–25-сон Фармони асосида тадбиркорлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, стандартлаштириш ва метрология йўналишларида кўрсатилаётган хизматлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашув якунида халқаро стандартларни жорий этиш, бозор назоратини такомиллаштириш, маҳсулотлар сифатини таъминлаш ҳамда корхона ходимлари малакасини ошириш йўналишларида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.




