Ёшларга эътибор – келажакка эътибор: Агентлик тизимида маърифий тадбир ўтказилди
2026-06-30 15:00:00 / Янгиликлар

🔘 30-июн – Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда унинг тизимидаги Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан маърифий тадбир ташкил этилди.
🔘 Тадбирда Агентлик директори Акмал Жуманазаров сўзга чиқиб, тизимда фаолият юритаётган ёш олимлар ва мутахассисларнинг ютуқлари, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илмий салоҳиятини юксалтириш ҳамда соҳа учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда Агентлик ва Ўзбекистон миллий метрология институтида 28 фалсафа доктори (ПҳД) фаолият юритиб, метрология соҳасини ривожлантириш, илмий тадқиқотларни кенгайтириш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Тадбир давомида ёш мутахассисларнинг халқаро майдондаги ютуқлари ҳам алоҳида эътироф этилди. Хусусан, жорий йилнинг 16–17-июн кунлари Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида “Келажак бизники” шиори остида ўтказилган ИВ Халқаро илмий-амалий ёш олимлар ва мутахассислар анжумани доирасида ташкил этилган “МДҲнинг энг яхши ёш метрологи” И Халқаро танловида Ўзбекистон миллий метрология институти ходимлари муносиб иштирок этди.
Ёшларнинг халқаро тажрибасини бойитиш мақсадида 24-июн куни Институт томонидан Ислом давлатлари стандартлаштириш ва метрология институти (СМИИC) Метрология кенгаши доирасида “Тебраниш датчиклари ва тебранишни ўлчаш воситаларини иккиламчи метод асосида калибрлаш” мавзусида халқаро онлайн тренинг ташкил этилди.
Шунингдек, Бутунжаҳон метрология куни муносабати билан таъсис этилган “Энг яхши метролог” мукофотининг илк ғолиблари сафидан Ўзбекистон миллий метрология институти ва соҳа вакилларининг муносиб ўрин олгани алоҳида қайд этилди.
🔘 Тадбирда Агентлик раҳбарияти, ёшлар, тизим ташкилотлари ёш ходимлари, шунингдек, ҳудудий филиаллар вакиллари онлайн форматда иштирок этди. Тадбир меҳмони сифатида Ўзбекистон киноарбоблари уюшмаси аъзоси, актёр Умид Искандаров иштирок этиб, ёшлар билан самимий мулоқот қилди.
🔘 Тадбир якунида таъкидланганидек, Агентлик ва унинг тизим ташкилотларида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий ва касбий салоҳиятини юксалтириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.






