Мустақиллик ғоялари – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам асоси
2026-06-29 15:00:00 / Milliy qadriyatlar va bayramlar

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳамда “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида “Мустақиллик соати” маърифий машғулоти ташкил этилди.
Тадбир давомида давлатимиз мустақиллигининг тарихий аҳамияти, халқимизнинг истиқлол йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда эришилаётган ютуқлар ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, мустақиллик йилларида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларида амалга оширилган ишлар, соҳани ривожлантириш йўлида эришилган натижалар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир иштирокчиларига мамлакатимиз тараққиётида мустақилликнинг ўрни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, Ватанга садоқат, миллий ғурур ва фуқаролик масъулияти каби эзгу қадриятларнинг аҳамияти етказилди.
Байрам муносабати билан Агентликда Мустақиллик руҳини акс эттирувчи тадбирлар, маънавий-маърифий учрашувлар, спорт мусобақалари, маданий кечалар ҳамда бошқа тарғибот тадбирларини ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳокама қилинди.
Тадбир якунида давлат мустақиллиги халқимизнинг энг улуғ ва бебаҳо неъмати экани, уни асраб-авайлаш, юртимиз равнақи ва тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи экани таъкидланди.




