Малайзия элчихонаси ва компаниялари вакиллари билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди
2026-06-19 10:00:00 / Янгиликлар

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директорининг ўринбосари Тимур Машанпин Малайзия элчихонаси вакили Arhan Shah Anuar ҳамда Малайзиянинг Jaafar Industries Sdn Bhd ва TRUCAT Global PLT компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказди.
Самимий ва конструктив руҳда кечган мулоқот давомида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш, аккредитация ҳамда савдо-техник ҳамкорлик соҳаларида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва амалий мазмун билан бойитиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидладилар.
Хусусан, олий даражадаги ўзаро ташрифлар натижасида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар сезиларли даражада фаоллашиб, товар айирбошлаш ҳажми ортиб бормоқда.
Шунингдек, қўшма корхоналар сонининг кўпайиши иқтисодий ҳамкорликнинг изчил ривожланаётганидан далолат беради. Учрашув давомида Малайзиянинг JAKIM (Jabatan Kemajuan Islam Malaysia) ташкилоти билан олиб борилаётган музокараларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистондаги мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш жараёнларини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ҳамда меҳмонхона хизматлари соҳаларида Ислом мамлакатлари стандартлар ва метрология институти((SMIIC) доирасида ишлаб чиқилган стандартларни жорий этиш ва илгари суриш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Мулоқот якунида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Малайзиянинг Jaafar Industries Sdn Bhd ва TRUCAT Global PLT компаниялари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар имзоланди.
Мазкур учрашув техник жиҳатдан тартибга солиш ва стандартлаштириш соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажриба алмашиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини янада оширишга хизмат қилади.




