General Motors компанияси билан техник тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-06-19 10:00:00 / Янгиликлар

✅Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори ўринбосари Жўрабек Шакаров АҚШнинг етакчи автомобилсозлик компанияларидан бири бўлган General Motors компаниясининг ҳукумат идоралари билан ишлаш бўйича раҳбари Алан ЎМаҳонй ҳамда ГМ Узбекистан бош директори Донгчан Ким билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва маҳсулотларни синовдан ўтказиш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар мазкур йўналишлардаги ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги саноат ва савдо алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
✅Музокараларда General Motors компаниясининг Ўзбекистон автомобил саноатини ривожлантириш ва диверсификация қилишдаги муҳим ўрни алоҳида қайд этилди. Хусусан, сўнгги беш йил давомида мамлакатимизда 1,6 миллион донадан ортиқ автомобил ишлаб чиқарилгани, Ўзбекистон Chevrolet бренди учун АҚШдан кейинги иккинчи йирик бозорга айлангани ҳамда Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари орасида савдолар бўйича етакчилик қилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, хавфсизлиги кафолатланмаган ёки хавфли автотранспорт воситаларининг муомалага чиқарилишининг олдини олиш мақсадида Тошкент вилояти Пискент туманида жойлашган автомобил полигони (синов мажмуаси)дан ҳамкорликда фойдаланиш бўйича таклиф билдирилди.
Учрашувда General Motors компанияси томонидан АҚШ Федерал автотранспорт воситалари хавфсизлиги стандартлари (ФМВСС)дан фойдаланиш ва уларни жорий этиш имкониятларини кўриб чиқиш масаласи ҳам кўтарилди. Ўз навбатида, ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида автотранспорт воситаларининг мувофиқлигини баҳолаш БМТ битимлари доирасида қабул қилинган халқаро қоидалар асосида амалга оширилаётгани маълум қилинди.
✅Музокаралар якунида General Motors компанияси вакиллари жорий йилнинг 22-июн куни Вашингтон шаҳрида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги вакиллари билан навбатдаги учрашувни ўтказишга тайёр эканликларини билдирдилар. Томонлар ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни янада фаоллаштириш бўйича келишувга эришдилар.





