Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида КАТРИ билан семинар-тренинг ўтказилди
2026-06-16 12:00:00 / Янгиликлар

🔵Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Корея Республикасининг KATRI Testing & Research Institute ҳамкорлигида тўқимачилик маҳсулотларини синовдан ўтказиш ва сертификатлаштириш соҳасига бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбир давомида КАТРИ экспертлари томонидан 2024–2026-йилларда амалга оширилаётган ““Uzbekistan Textile Standard & Certification Capacity Building Program” ” грант дастури доирасида бажарилган ишлар юзасидан тақдимот ўтказилди. Лойиҳа доирасида тўқимачилик маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини баҳолаш, халқаро стандартлар ва техник регламентлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш ҳамда маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Семинарда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ҳамда янги бозорларга чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, маҳсулотларнинг сифати, мустаҳкамлиги, таркиби, гигиеник хусусиятлари ҳамда хавфсизлик кўрсаткичларини аниқлаш мақсадида лаборатория шароитида ўтказиладиган синовларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, тўқимачилик маҳсулотлари сифатини баҳолаш жараёни лаборатория таҳлиллари, халқаро стандартлар талаблари ва органолептик усулларга асосланиб, истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда маҳсулотлар сифатига бўлган ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир давомида соҳада юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, янги грант лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати ривожига доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олдилар ҳамда муҳокама қилинган мавзулар бўйича амалий тавсия ва таклифлар билан танишдилар. Тадбир иштирокчиларнинг касбий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилди.



