Мажбурий тўловлар
Аҳолини ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, Пенсия жамғармасини ишончли даромад манбалари билан таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида қуйидаги солиқлар кўзда тутилган:
- ижтимоий солиқ;
- айрим тоифадаги жисмоний шахслар томонидан ижтимоий солиқ;
Ижтимоий солиқ тўловчилар:
- Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари;
- Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари бўлган юридик шахслар, чет эл юридик шахсларининг ваколатхоналари ва филиаллари;
- солиқ кодекснинг 408 ва 409-моддаларида назарда тутилган тартибга мувофиқ ижтимоий солиқ тўлайдиган жисмоний шахсларнинг айрим тоифалари.
Солиқ солиш объекти:
Иш берувчининг ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга доир харажатлари ижтимоий солиқнинг (бундан буён ушбу бўлимда солиқ деб юритилади) солиқ солиш объектидир.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаш учун чет эллик ходимлар билан таъминлаш юзасидан хизматлар кўрсатишга доир шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикаси норезиденти бўлган юридик шахсга тўланадиган чет эллик ходимларнинг даромадлари ҳам солиқ солиш объектидир.
Жисмоний шахсларнинг айрим тоифалари учун улар томонидан тадбиркорлик фаолиятини ва (ёки) якка тартибдаги меҳнат фаолиятини амалга ошириш солиқ солиш объектидир.
Қуйидагилар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди:
- иш берувчининг ходимга меҳнатда майиб бўлганлиги ёки соғлигига бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш тарзидаги, солиқ кодексининг 369-моддаси иккинчи қисмининг 10-бандида кўрсатилган миқдорлардан ортиқча харажатлари;
- пахта йиғим-терими бўйича мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган жисмоний шахсларнинг бу ишларни бажарганлиги учун меҳнат ҳақи тўлашга доир харажатлар.
Солиқ базаси:
Солиқни ҳисоблаб чиқариш учун солиқ базаси солиқ кодекснинг 371-моддасига мувофиқ тўланадиган харажатлар суммаси сифатида аниқланади.
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахслар учун солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида солиқ базаси уларнинг Ўзбекистон Республикасида бюджет ташкилотлари ходимлари учун иш ҳақи миқдорининг ошиши инобатга олинган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқариладиган, улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига ишга юборилгунига қадар охирги иш жойида меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида олган даромадларидан келиб чиқиб аниқланади.
Солиқ кодекси 403-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган даромадлар бўйича солиқни ҳисоблаб чиқариш учун солиқ базаси чет эллик ходимларга тўланадиган даромадлар суммаси сифатида, бироқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаш учун чет эллик ходимлар билан таъминлаш юзасидан хизматлар кўрсатишга доир шартнома бўйича харажатлар умумий суммасининг 90 фоизидан кам бўлмаган суммада белгиланади.
Солиқ даври. Ҳисобот даври:
Календарь йил солиқ давридир.
Йил ойи ҳисобот давридир.
Солиқни ҳисоблаб чиқариш, солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш тартиби:
Солиқ солиқ базасидан ва белгиланган солиқ ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳар ойда ҳисоблаб чиқарилади.
Солиқ иш берувчининг ва айрим тоифадаги жисмоний шахсларнинг маблағлари ҳисобидан тўланади.
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари бўйича, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахслар бўйича солиқни тўлаш мажбурияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг зиммасига юклатилади.
Солиқ ҳисоботи солиқ ҳисобида турилган жойдаги солиқ органларига солиқ тўловчи томонидан ортиб борувчи якун билан ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15 кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади. Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар томонидан йил якунлари бўйича солиқнинг ҳисоботи ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартига қадар тақдим этилади.
Солиқни тўлаш ҳар ойда, солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай амалга оширилади.
Айрим тоифадаги жисмоний шахслар томонидан солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари:
Солиқ солиқ тўловчининг календарь ойда ишлаган кунлари сонидан қатъи назар:
1) якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан — ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда;
2) фаолиятни юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширувчи оила аъзолари томонидан:
якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзоси томонидан — ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан кам бўлмаган миқдорда;
оиланинг бошқа аъзолари томонидан (бундан ўн саккиз ёшга тўлмаганлар мустасно) — ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида мажбурий тартибда тўланади.
Меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида:
ўзини ўзи банд қилган шахслар;
шахсий томорқа ер участкаларида банд бўлган ёки мазкур майдонда чорвачилик (қорамол, қўйлар, эчкилар, отлар ва бошқалар), иссиқхона хўжалиги, паррандачилик (товуқлар, беданалар, куркалар, ғозлар, ўрдаклар), қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик билан шуғулланаётган шахсий томорқа ер участкаларининг эгалари ёки уларнинг оила аъзолари бўлган фуқаролар томонидан (уларга тегишли томорқа ер участкасининг майдонидан ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар);
деҳқон хўжалигининг аъзолари (бундан деҳқон хўжалиги бошлиғи мустасно) ва деҳқон хўжалигида банд бўлган жисмоний шахслар;
меҳнат шартномаси асосида чет элда ёлланиб ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
Ўзбекистон Республикасининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлари томонидан чет давлатларда ташкил этилган (очилган) савдо уйларида, ваколатхоналарда (шу жумладан юридик шахс ташкил этмасдан), ташкилотларда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
ишламайдиган эри (хотини) учун солиқ тўловини амалга оширувчи ишлаётган фуқаролар томонидан ихтиёрий тартибда солиқ тўланади.
Меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида:
«Ҳунарманд» уюшмасининг аъзоси бўлган ҳунармандчилик фаолияти субъектлари;
«Уста-шогирд» мактаблари ўқувчилари — улар йигирма беш ёшга тўлгунига қадар ишлаган даврда;
деҳқон хўжалиги бошлиғи;
якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан мажбурий тартибда солиқ тўланади.
Ёшга доир пенсия ва нафақа олувчи ҳунармандчилик фаолияти субъектлари бўлган «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари солиқ тўлашдан озод этилади, ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган қолган шахслар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун эса солиқ миқдори унинг белгиланган энг кам миқдорининг камида 50 фоизини ташкил этиши керак. Мазкур имтиёзлар пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади. Имтиёзларга бўлган ҳуқуқ календарь йил давомида вужудга келган ёки тугатилган тақдирда, солиқни қайта ҳисоб-китоб қилиш ушбу ҳуқуқ юзага келган ёки тугатилган ойдан эътиборан амалга оширилади.
Солиқни тўлаш қуйидагича амалга оширилади:
якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан — ҳар ойда тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган ойнинг ўн бешинчи кунидан кечиктирмай;
фаолиятни юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширувчи оила аъзолари ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан — ҳисобот йилининг 31 декабригача амалга оширилади. Бунда солиқнинг миқдори тўлов кунида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга оширувчи оила аъзолари томонидан солиқни тўлаш улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан эътиборан амалга оширилади.
Солиқни тўлаш мажбурияти:
юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга ошираётган оила аъзолари учун — оилавий тадбиркорлик субъекти номидан иш юритадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзосининг;
якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун — ушбу ходимлар билан меҳнат шартномасини тузган якка тартибдаги тадбиркорнинг зиммасига юклатилади.
Тўлов топшириқномасида (кирим ордерида) солиқ тўловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, идентификация рақами ва тўлов киритилаётган давр кўрсатилиши шарт. Бунда оила аъзолари — оилавий тадбиркорлик иштирокчилари ва ходим ёллаган якка тартибдаги тадбиркорлар бўйича тўлов топшириқномаси (кирим ордери) ҳар бир оила аъзоси учун ва якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳар бир ёлланган ходими учун алоҳида-алоҳида ёзилади. Агар тўлов топшириқномасида (кирим ордерида) давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой (деҳқон хўжаликлари аъзолари ва деҳқон хўжалигида банд бўлган жисмоний шахслар, шунингдек ушбу модда учинчи қисмининг бешинчи хатбошисида кўрсатилган жисмоний шахслар учун — йил) учун тўланган деб ҳисобланади.
Якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти вақтинчалик тўхтатиб турилганлиги тўғрисида солиқ органлари томонидан олинган ахборот якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини амалга оширмайдиган давр учун солиқни ҳисоблашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади.
Солиқ органлари томонидан олинган, ҳар бир ёлланган ходим учун белгиланган тартибда берилган ҳисобга олиш карточкалари якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини амалга оширмайдиган давр учун якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳар бир ходимига солиқни ҳисоблашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади.
Агар фаолиятини тўхтатиб турган якка тартибдаги тадбиркор якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳар бир ходими учун ҳисобга олиш карточкасини солиқ органига белгиланган муддатларда топширмаса, якка тартибдаги тадбиркорнинг мажбуриятлари бўйича солиқни ҳисоблаш тўхтатилмайди.
Ушбу модданинг биринчи қисмида, учинчи қисми бешинчи хатбошисида Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар солиқни Солиқ кодекснинг 405-моддасида кўрсатилган солиқ ставкалари бўйича жами йиллик даромад тўғрисида декларацияда кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида олинган даромадлар суммасидан келиб чиқиб, бироқ Солиқ қодексининг 408 моддасида белгиланган унинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда, солиқни ихтиёрий равишда тўлаш ҳақида жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш билан бир вақтда бериладиган ариза асосида тўлашга ҳақли.
Ихтиёрий равишда солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари:
Қонунчиликка мувофиқ солиқни ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш мажбурияти зиммасига юклатилмаган иш берувчидан даромадлар олувчи жисмоний шахслар солиқни жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияда кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар суммасидан келиб чиққан ҳолда, солиқни ихтиёрий равишда тўлаш ҳақида жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш билан бир вақтда бериладиган ариза асосида ихтиёрий асосда тўлайди.
Юқорида кўрсатилган шахслар томонидан солиқни тўлаш жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация маълумотлари бўйича солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқариладиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш муддатларида амалга оширилади.
