Ўзини ўзи банд қилган шаҳслар
Ўзини ўзи банд қилган шахсни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказиш тартиби:
- ўзини ўзи банд қилган шахс махсус мобил илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ёхуд давлат солиқ хизмати органига келган ҳолда рўйхатдан ўтиши мумкин.
Бунда сўровнома ўзини ўзи банд қилган шахс томонидан махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали электрон шаклда мустақил равишда, давлат солиқ хизмати органига келганда эса солиқ органи ходими томонидан тўлдирилади.
- ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат солиқ хизмати органларидан рўйхатдан ўтиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
Сўровномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
- ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, рўйхатдан ўтказиш электрон рақамли имзо орқали амалга оширилган ҳолатлар бундан мустасно;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 8 июндаги ПҚ-4742-сон қарорига илова билан тасдиқланган Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари;
- ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини юритишнинг мўлжалланаётган манзили;
- ўзини ўзи банд қилган шахснинг мобил телефон рақами ва у билан боғланиш мумкин бўлган бошқа маълумотлар.
Сўровномада ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, паспорт (ID-карта) серияси ва рақами, яшаш манзили тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Ички ишлар вазирлигининг маълумотлар базаларида мавжуд маълумотлар асосида автоматик тарзда шакллантирилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар меҳнат фаолиятини амалга оширадиган ҳудуд бўйича давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйилади.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсга ушбу Низомга 2-иловада келтирилган намунавий шаклда махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида матрицали штрих кодга (QR-код) эга бўлган маълумотнома (кейинги ўринларда — маълумотнома) юборилади.
Бунда маълумотнома давлат тилида расмийлаштирилади. Шахснинг хоҳишига кўра маълумотнома рус ва инглиз тилларида ёки имкон бўлса, бошқа тилда расмийлаштирилиши мумкин.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар маълумотномани махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали юклаб олишлари ёхуд давлат солиқ хизмати органига келган ҳолда қоғоз шаклида ҳам олишлари мумкин.
Ўзини ўзи банд қилган шахсларга маълумотнома чекланмаган муддатга берилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахсларни давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказишда ҳақ ундирилмайди.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан меҳнат стажи ҳисобланиши учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда ижтимоий солиқ тўланади.
Ушбу сумма тўлиғича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.
Агар ўзини ўзи банд қилган шахс ўз меҳнат фаолиятини тўхтатса, у ўз фаолиятини тўхтатгунига қадар давлат солиқ хизмати органига фаолиятни тўхтатиш тўғрисидаги билдиришномани махсус мобил илова ёки шахсий кабинет орқали юборади.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан олинган ўзини ўзи банд қилган шахснинг фаолияти вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисидаги билдиришнома ўзини ўзи банд қилган шахс меҳнат фаолиятини амалга оширмайдиган даврда ижтимоий солиқни тўлашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар махсус мобил илова орқали қуйидаги имкониятлардан фойдаланиши мумкин:
- буюртмаларни ва кўрсатилган хизматлар (товарлар) учун тўловларни қабул қилиш;
- юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш;
- мобил илова ёрдамида ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда ушбу маълумотлардан кейинчалик, шу жумладан, кредит олиш ва (ёки) солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиш;
- ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш;
- кўрсатилаётган хизматлар (товарлар) сифатини баҳолаш ва истеъмолчилар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилиши.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат-касса техникаси ва банк пластик карточкалари орқали ҳисоб-китоблар бўйича тўлов терминалларидан фойдаланади ҳамда тижорат банкларида ҳисобварақлари очиши мумкин.
Махсус мобил илова орқали даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритаётган ўзини ўзи банд қилган шахсларга тижорат банклари томонидан кредитлар якка тартибдаги тадбиркорлар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб асосида берилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати
1. Болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар.
2. Оилавий болалар уйини ташкил этиш ва фаолиятини юритиш.
3. Беморлар ҳамда доимий равишда ўзгалар парваришига муҳтож кекса кишиларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар.
4. Уй хўжалигини юритиш ва уй ишларини бажариш, шу жумладан, турар жойларни тозалаш, овқат пишириш бўйича уй хўжаликларига хизмат кўрсатиш.
5. Жисмоний шахсларнинг сантехника ускуналарини майда таъмирлаш ва ўрнатиш.
6. Жисмоний шахсларга квартира ичида (шахсий қурилиш ишларида — уй ичида) электр монтаж хизматлари кўрсатиш (электр хавфсизлиги бўйича рухсати бўлганда).
7. Деҳқон хўжаликлари ва фуқароларнинг томорқа ер участкаларида ер чопиш ва рекультивация ишлари.
8. Фермер хўжаликлари эгалари, пилла етиштириш ва ипак қурти уруғчилиги ташкилотлари буюртмаси бўйича қишлоқ хўжалиги ишлари (қишлоқ хўжалиги ўсимликлари, ипак қуртини ва ҳайвонларни парвариш қилиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини йиғиш, тут кўчатларини экиш ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлари).
9. Фуқароларнинг дала-ҳовли ва томорқа участкалари ландшафтини барпо этиш ишлари.
10. Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини йиғиб олишда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкалари эгаларига ёрдам бериш.
11. Чорва молларини ўтлатиш, уларни парвариш қилиш, шу жумладан, уруғлантириш, қўзилатиш, қирқиш ва дағал хашак жамғариш ишлари.
12. Жисмоний шахсларга компьютерларни таъмирлаш ва созлаш хизматларини кўрсатиш, лицензияланган дастурий таъминот ўрнатиш ишлари.
13. Буюртмачининг уйида бажариладиган маиший техникани ўрнатиш ва таъмирлаш.
14. Жисмоний шахсларнинг автомобилларини ювиш, автомобиллар кузовларини силлиқлаш.
15. Механизация воситаларини қўлламай, уйда бажариладиган юк ортиш-юк тушириш ишлари.
16. Халқ табобати (лицензияси бўлганда).
17. Хусусий шахсларга бош хизматкор ва консьерж хизматларини кўрсатиш.
18. Буюртма асосида товарларни етказиб бериш (юк ташиш бундан мустасно).
19. Бозорлар ва савдо комплексларида майда юкларни араваларда ташиш.
20. Илгари фойдаланилган товарларни сотиб олиш ва сотиш.
21. Велосипедларни таъмирлаш.
22. Рассомлик.
23. Аҳолининг якка тартибдаги буюртмалари бўйича пойабзал тикиш, пойабзални таъмирлаш, бўяш ва тозалаш.
24. Калитлар тайёрлаш.
25. Ўлчов воситалари тайёрлаш ва ижарага бериш.
26. Кесувчи буюмлар ва асбобларни чархлаш.
27. Мусиқа асбобларини таъмирлаш ва созлаш.
28. Миллий нон ва патирларни тайёрлаш ва сотиш.
29. Тулумни шишириш хизматлари (таксидермик ишлар).
30. Намойишларда кийимлар моделини намойиш қилиш, расмли журналларда, реклама фильмлари ва видео клипларда суратга тушиш.
31. Мультимедиа, дизайн ва санъат материалларини яратиш ва ишлов бериш (веб-дизайнер, графика дизайнери, компьютер ўйинлари дизайнери, интерьер дизайнери, ландшафт дизайнери, либослар дизайнери, ретушер, фотоколлажчи, вектор графикаси муҳаррири, архитектор, визуаллаштирувчи дизайнер, маълумот дизайнери, интерфейс дизайнери, техник дизайнер, моушн-дизайнер, баннер ясовчи, нашриёт дизайнери, флешер, 3D-дизайнер, видеомуҳаррир, видеооператор, бастакор, овоз режиссёри, аранжировкачи, сухандон, фотомуҳаррир ва бошқалар).
32. Дастурий таъминот, ахборот тизимлари, мобиль иловалар ва веб-сайтларни ишлаб чиқиш ва техник қўллаб-қувватлаш (дастурчи, дастурий таъминотни синовчи мутахассис, веб-саҳифаларни саҳифаловчи, веб-таҳлилчи, веб-сайтларни оптимизациялаш бўйича мутахассис).
33. Электрон савдо майдончасида товарларни (ишларни, хизматларни) чакана сотиш бўйича фаолиятни амалга ошириш.
34. Ижтимоий тармоқлардаги фаолият (PR-менеджер, интернет-маркетолог, ижтимоий тармоқларда товарлар (ишлар, хизматлар)ни илгари суриш ва реклама қилиш (SMM), ижтимоий тармоқ саҳифалари администратори, аккаунт-менежер, маркетолог, линк-менежер, таргетолог, контекст-реклама бўйича мутахассис, директолог, медиа режалаштирувчи, SMO мутахассиси).
35. Кадрлар танлаш соҳасидаги фаолият (интернет-лойиҳалар билан ишловчи менежер, фрилансерлар гуруҳи раҳбари, НR-менежер, рекрутер, шахсий ассистент).
36. Онлайн консультация бериш (онлайн-консультант, онлайн-тренер, молиявий маслаҳатчи, вебинар олиб борувчи).
37. Номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския ва лапар) асраш ва улардан фойдаланиш (маданият марказлари таркибида фаолият юритаётган шахслар бундан мустасно).
38. Уй шароитида хонаки товуқларни етиштириш ва кўпайтириш.
39. Ҳамширалик иши.
40. Уй ҳайвонлари (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар) бозорларида воситачилик хизмати.
41. Автомобиль бозорларида воситачилик хизмати.
42. Уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати.
43. Гипс ва ганчдан буюмлар ясаш (уй жиҳозлари, эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини ясаш).
44. Тош ва тош маҳсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш.
45. Ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш.
46. Уй шароитида пилла етиштириш, шахсий томорқа ер участкасида тут меваси, ниҳоли ва кўчатини етиштириш, уйда ипак мато, ипак гилам тўқиш ва сотиш.
47. Кулолчилик.
48. Киберспорт фаолияти.
49. «Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг стипендияси» тайинланган спортчилар фаолияти.
50. Тери хомашёсини йиғиш ва тайёрлаш.
51. Жунни йиғиш ва тайёрлаш.
52. Қайта ишланган жундан кийимлар ва бошқа буюмлар тўқиш.
53. Уй шароитида лойдан тандир тайёрлаш.
54. Атлас ва адрас тўқиш.
55. Майда мунчоқ (бисер) тикиш.
56. Дўппидўзлик маҳсулотларини уй шароитида тайёрлаш.
57. Темирчилик маҳсулотларини уй шароитида тайёрлаш.
58. Асаларичилик, шунингдек, асалари уяси ва рамкаларини ясаш.
59. Қуроқчилик усулида кўйлак, кўрпа ва ёпинчиқлар тикиш.
60. Қўзиқоринларни териш, уй шароитларида етиштириш ва сотиш.
61. Пичоқ тайёрлаш, чархлаш ва сотиш.
62. Қоғоздан қутилар, бандероллар тайёрлаш.
63. Уй шароитида иссиқхона маҳсулотларини етиштириш.
64. Тайёр маҳсулотга этикетка бириктириш.
65. Уй шароитида болалар ўйинчоғи ишлаб чиқариш.
66. Уй шароитида супурги етиштириш ва тайёрлаш.
67. Ясси оёқли болалар оёқ кийимларини тайёрлаш.
68. Миллий тақинчоқлар ясаш.
69. Кандакорлик, мискарлик буюмларини уй шароитида тайёрлаш.
70. Дағал жундан гилам, кўрпа ва ёстиқ тайёрлаш.
71. Артемия цисталарини йиғиш ва топшириш.
72. Енгил автотранспорт воситасида йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро ташиш (лицензия варақаси бўлганда).
