
Ёшлар сиёсати

Хар пайшанба ёшлар куни муносабати билан туман ҳокими Ҳаёт Давлатов тумандаги бир қатор таълим муассасаларида бўлиб, ёшлар билан учрашувлар ўтказди ҳамда уларнинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Дастлаб туман ҳокими “Олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослашган мактаб-интернати” фаолияти билан танишди. Ташриф давомида таълим муассасасида ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар, спорт инфратузилмаси ҳамда ўқув-машғулот жараёнлари кўздан кечирилди. Мактабда ташкил этилган спорт мусобақалари жараёни билан танишилиб, ўқувчиларнинг спортга бўлган қизиқиши, уларнинг жисмоний тайёргарлиги ҳамда эришаётган натижалари алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, ўқувчилар ўртасида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйинида иштирок этилиб, ёшларнинг билим даражаси, мантиқий фикрлаш қобилияти ва интеллектуал салоҳияти билан яқиндан танишилди. Ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, уларни илм-фан ва инновацияга кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф давомида мактаб битирувчилари ҳамда тарбияланувчилари билан учрашув ўтказилиб, ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот ташкил этилди. Учрашув жараёнида ёшларнинг таълим олиш, спорт билан шуғулланиш ҳамда келгусидаги мақсад ва режалари юзасидан фикр-мулоҳазалари тингланди. Билдирилган муаммо ва таклифлар ўрганилиб, уларни ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Шундан сўнг туман ҳокими тумандаги 28-сон умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Мактабда ташкил этилган спорт тўгараклари ҳамда фан тўгараклари фаолияти кўздан кечирилиб, ўқувчиларнинг билим олиши ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишилди.
Хусусан, мактабда ўзбек жанг санъати ҳамда дзюдо спорт турлари бўйича шуғулланаётган ўқувчилар томонидан эришилаётган ютуқлар алоҳида эътироф этилди. Мазкур спорт йўналишларида фаол қатнашиб, туман ва вилоят миқёсидаги мусобақаларда муносиб натижаларга эришаётган ёшлар билан самимий суҳбат ўтказилди. Уларнинг спортдаги муваффақиятлари, келгусидаги режалари ҳамда юртимиз спорти ривожига қўшаётган ҳиссаси ҳақида фикр алмашилди.
Шунингдек, 28-сон умумий ўрта таълим мактаби битирувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари билан ҳам учрашув ташкил этилди. Учрашув давомида битирувчиларнинг келгусидаги режалари, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш, касб танлаш ҳамда профессионал фаолиятга оид мақсадлари юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди. Ёшларнинг ўз олдига қўйган мақсадлари, уларни амалга ошириш имкониятлари ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилиниб, таълим олиш жараёнида қатъиятли бўлиш, билим ва кўникмаларни мунтазам ошириб бориш бўйича фойдали тавсиялар берилди.
Ташрифлар давомида таълим муассасаларида мавжуд муаммо ва таклифлар ҳам ўрганилиб, уларни бартараф этиш, таълим сифати ва спорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, ёшлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича тегишли масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган мазкур учрашувлар ёшларнинг билим олишга, спорт билан мунтазам шуғулланишга ҳамда келажакда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган баркамол авлод бўлиб вояга етишига хизмат қилиши таъкидланди.


