Пешку: Тошевалар оиласи 7 сотихли иссиқхона хўжалигида мўл ҳосил етиштирмоқда
2026-03-12 12:05:00 / Янгиликлар

Мазкур қарор асосида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича механизмлар йўлга қўйилди. Аниқроғи, жойларда ёш тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, бизнес лойиҳаларини амалга ошириш учун “Алоқабанк” ёшлар банки сифатида бириктирилган.
Айни кунда Пешку тумани “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳоли томорқаларида ҳам иссиқхона хўжаликлари кўпаймоқда. Ҳудудда айни кунда 3,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг аксариятида томорқадан унумли фойдаланиш, мавсумда мўл ҳосил етиштириш, қолаверса, чорва молларини боқиб, даромад топиш тажрибаси шаклланган.
Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қароридан унумли фойдаланаётган ёшлардан бири “Гулистон” МФЙ нинг Жўгареболо қишлоғида яшовчи Дилдора Тошевадир. Унинг тадбиркорлик ташаббусига келсак, бу лойиҳанинг умумий қиймати 200 миллион сўмни ташкил этади. Шундан 100 миллион сўм банк имтиёзли кредит маблағи, қолган қисми эса тадбиркорнинг ўз оилавий даромади ҳисобидан молиялаштирилган. Фаолиятни амалга ошириш учун Дилдора Тошева оиласи томорқасининг 7 сотих ер майдонида иссиқхона хўжалиги ташкил этиб, деҳқончилик фаолиятини йўлга қўйган.
Айни қишки мавсумда бу иссиқхонада бодринг етиштирилган бўлиб, шу кунларда ҳосилни йиғиб-териб олиб саранжомлаш ишлари бормоқда. Оила аъзоларининг қиш ойларида иссиқхонадаги ҳосил сотувидан қўлга киритган даромади 50 миллион сўмдан ошган. Ҳозирда иссиқхонани совуқ мавсумда иситиш учун замонавий русумли қозонхона, шунга яраша қаттиқ ёқилғи, томчилатиб суғориш тизими жорий қилинмоқда.
Ҳозирда иссиқхонада мавсумий сабзавот маҳсулотлари етиштириш учун ишчи кучи сифатида қишлоқдош қўни-қўшнилардан 3 нафари жалб қилинган ва уларга меҳнатига яраша, 3 миллион сўм атрофида маош тайинланган. Фаолиятдан олинаётган моддий тушум орқали солиқ тўловлари амалга оширилиб, маҳаллий иқтисодиётга қўшимча қиймат яратилмоқда.
Пешку туман ҳокимлиги матбуот хизмати


