Навоий давлат университетининг янги кампуси қурилиши давом этмоқда
2025-12-22 16:20:00 /
Бугун Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Янги Навоий шаҳарчаси ҳудудидаги 19 гектар майдонда қад рослаётган Навоий давлат университетининг янги кампуси қурилиши билан танишди.

2027 йилга қадар битказилиши режалаштирилган талабалар шаҳарчасида 12 минг ўринли ўқув бинолари, 2 минг 400 ўринли талабалар турар жойлари, спорт иншоотлари, амфитеатр, сайилгоҳ, замонавий ўқув лабораториялари, музей, илмий-тадқиқот ва коворкинг марказлари, кутубхона, очиқ ва ёпиқ типдаги бассейн ва бошқа инфратузилмага эга замонавий бинолар қурилади.
Маълумот учун айтиш керакки, Янги Навоий шаҳарчасида баландлиги 7 дан 32 қаватгача бўлган турар жойлар, мактаблар, боғчалар ва поликлиника, шунингдек, йирик истироҳат боғи ва университетнинг янги биноси қурилиши режалаштирилган.




