Навоий вилоятида электр таъминоти тизимининг рақамли харитаси ишлаб чиқилди ва муваффақиятли тақдим этилди
2025-12-16 09:10:00 / Янгиликлар

Лойиҳа доирасида Навоий вилояти Навбаҳор тумани кластер маҳаллалари (Навкар, Сарбозор, Чорвогузар, Арабхона, Куҳрон, Келачи МФЙлар) учун электр таъминоти тизимининг рақамли харитаси муваффақиятли ишлаб чиқилди. Ушбу рақамли харита миллий консалтинг компанияси “MSECURITY” МЧЖ мутахассисларининг лойиҳа жамоаси билан ҳамкорлигида тайёрланди ва “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Навоий вилояти филиалида жорий йил 15декабрь куни муваффақиятли тақдимоти ўтказилди.
Рақамли хаританинг ишлаб чиқилиши лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири бўлиб, маҳаллаларни барқарор ривожлантириш режаларини амалга ошириш, яшил ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, шунингдек, рақамли ечимларни илгари суришга хизмат қилади. Ушбу харита электр таъминоти тизимларини самарали бошқариш, мониторинг қилиш ва келгусида модернизация қилишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Тақдимотда лойиҳа мутахассислари, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ вакиллари, туман ҳокимлиги ва маҳаллий ҳамкорлар иштирок этиб, рақамли хаританинг амалий аҳамияти ва келгусидаги имкониятлари муҳокама қилинди.
“Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси Навоий ва Хоразм вилоятларининг мақсадли туманларида давом этмоқда ва шунга ўхшаш рақамли ечимлар сув таъминоти тизимлари учун ҳам ишлаб чиқилган ва унинг тақдимоти яқин кунларда режалаштирилган.





