Халқаро ҳамкорликда касб мактаби очилиши режалаштирилмоқда
2025-12-11 15:30:00 / Янгиликлар
Бугун Миграция агентлиги ҳудудий филиали раҳбари Исмат Болтаев ҳамда Россия, Бошқирдистоннинг “СВАРТЕКС” компанияси вакили Марсел Асфандияров билан биргаликда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокара олиб борилиб, вилоятимизда касб мактаби ташкил этиш бўйича лойиҳалар муҳокама қилинди.

“СВАРТЕКС” компанияси вилоятимизда "Пайвандлаш мактаби" ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Дастлаб лойиҳа учун Қизилтепа тумани танланиб, тумандаги коллеж кўриб чиқилган бўлса, бугунги ўрганишлар якунида Хатирчи агротехникумида ҳам мазкур мактабни очиш имконияти мавжудлиги аниқланди.
Хорижий ҳамкор томонидан лойиҳага 100 000 АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши режалаштирилган.
Ўқиш муддати 2 ой давом этиб, гувоҳнома берилади, тингловчиларга разряд тайинланади.
Битирувчилар ойлик иш ҳақи ўртача 2000-4500 АҚШ долларида бўлган Россиянинг йирик корхоналарига ишга йўналтирилади ва жойлаштирилади.

