Хитой Халқ Республикасининг Нанъан шаҳри делегацияси Навоийда
2025-12-09 11:15:00 / Янгиликлар

Бугунги учрашув фақат якка тартибдаги мулоқот эмас, балки Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш, кенгайтириш ва амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро иқтисодий-ижтимоий ва маданий-гуманитар алоқа илдизлари Буюк ипак йўлига бориб тақалади. Ушбу ҳамкорлик, айниқса, сўнгги йилларда ўзининг юксак поғонасига кўтарилиб, иқтисодиёт, савдо, инвестиция, кадрлар алмашинуви каби соҳаларда ўзини яққол намоён қилмоқда.
Хусусан, Навоий вилоятига киритилган инвестициялар ҳажмининг 79 фоизи Хитой давлати ҳиссасига тўғри келади.
Бундан ташқари, айни дамда Хитойнинг олий ўқув юртларида 7 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмоқда.
Нанъан шаҳри Хитойнинг йирик иқтисодий марказларидан бири ҳисобланади. Шаҳарнинг асосий саноат тармоқлари, хусусан, қурилиш материаллари техника, машиналар ва ускуналар, тўқимачилик, электротехника, мебелсозлик ва маиший буюмлар чиқариш саноати ҳудудлараро савдо-иқтисодий алоқалар ҳамда инвестициявий ҳамкорликларни йўлга қўйиш учун юқори имкониятларни яратиб беради.
Учрашув давомида ишбилармонлар ҳуқуқларининг ҳимояси кучайтирилгани, шу жумладан, чет эллик инвесторлар учун кўчмас мулк сотиб олиш, Ўзбекистонга келиб-кетиш, яшаш шартлари кескин соддалаштирилиб, солиқ ва бошқа йўналишларда имтиёзлар жорий этилгани бўйича ҳам маълумот берилди.
Навоий вилоятининг иқтисодий имкониятлари ҳақида тўхталиб ўтилди. Республиканинг йирик саноат маркази ҳисобланиб, саноатининг асосий тармоқлари тоғ-кон ва металлургия, кимё, қурилиш материаллари , текстиль ва тўқимачилик, машинасозлик ҳисобланади.
Учрашув давомида икки томон музокара олиб бориб, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириб, халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.




