НАВОИЙ ШАҲРИДА ЭКОЛОГИК МУҲИТНИ ЯХШИЛАШ ИШЛАРИ ЖАДАЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА
2025-12-01 14:05:00 /

Бугунги кунда шаҳар кўчаларида асосий ва ички йўллар, пиёдалар йўлаклари, автобус бекатлари ҳамда жамоат майдонлари махсус техникалар ёрдамида ювилмоқда. Ушбу чоралар чангнинг ҳавога кўтарилишини камайтириш, шаҳар муҳитини янада тоза ва озода ҳолга келтиришга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, дарахтлар, гулзорлар, яшил майдонлар ва тупроқли ҳудудларда мунтазам суғориш ишлари давом этмоқда. Намликнинг ошиши ҳавода чанг тарқалишининг олдини олиб, шаҳар микроиқлимига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Шаҳардаги фавворалар ҳам қайта ишга туширилди. Бу нафақат ҳавонинг намлигини оширишга ёрдам бермоқда, балки шаҳар масканларига кўрк, файз ва ёқимли муҳит бағишламоқда.
Навоий шаҳрида олиб борилаётган ушбу комплекс профилактика тадбирлари аҳоли саломатлигини асраш, экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда шаҳарни янада мусаффо ва яшил ҳудудга айлантиришга қаратилган муҳим қадамдир.


