Соҳа фидойилари. Хато қилишга ҳаққи йўқ
2026-07-06 23:00:00 / Янгиликлар

ИИБ қабулхонасига кириб келган отахоннинг маҳзун ва бироз ҳаяжонли нигоҳида иккиланиш бор эди. У подполковник Насридин Сайфидиновнинг рўпарасига келдида, қўлидаги тугунни стол устига қўйиб, секин очди. Мато ичидан йиллар давомида яширинча сақлаб келинган эски ов қуроли чиқди.
Маҳаллада ўтган учрашувда айтган гапларингиз қалбимга етиб борди, — деди отахон чуқур хўрсиниб. — Қонунсизлик бор жойда барака бўлмайди. Бу қурол уйда турганидан кўра, сизларга топширганим маъқул.
Насридин ака отахоннинг қўлини маҳкам қисиб, миннатдорлик билдираркан, кўнглидан бир фикр ўтди: демак, қилинган тарғиботлар беҳуда кетмапти.
Подполковник Н. Сайфидинов бошқараётган назорат-литцензиялаш гуруҳининг вазифаси ҳам аслида шу — инсонлар қалбига йўл топиш орқали содир этилиши мумкин бўлган фожиаларнинг олдини олиш.
Ҳаёт худди китобга ўхшайди, унинг ҳар бир саҳифаси инсонни улғайтиради, тоблайди. Насридин ака 2001 йил Фарғона вилояти ИИБ Ўқув марказининг оддий тингловчиси эди. Ўшанда соҳага илк қадамини қўйган ёш йигит эл осойишталиги учун масъул бўлиш нечоғлик оғирлигини қалбан ҳис қилган.
Назорат-лицензиялаш тизимида ишлаш худди мина қидирувчининг меҳнатига ўхшайди — хато қилишга ҳаққи йўқ. Насридин ака вилоятдаги кимёвий моддалар сақланадиган омборларни кўздан кечирар, овчилик дўконлари, босмахоналар ва тирлар фаолиятини қонун тарозисига соларкан, ҳушёрликни бир сонияга ҳам йўқотмайди.
Жорий йилнинг беш ойи ўзига хос синов палласи бўлди. Унинг раҳбарлигида олиб борилган профилактик ишлар натижасида 30 та ноқонуний қурол ва юзлаб ўқ-дорилар ички ишлар органларига ихтиёрий топширилди.
Шунингдек, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари билан биргаликда ўтказилган 205 та тезкор рейд давомида ноқонуний ов қилган ва дарахтларни шафқатсизларча кесган кимсалар аниқланиб, табиатга етказилган зарар ундирилди.
©️ “Postda” газетаси, Жаҳонгир Тўхтасинов, Наманган вилояти.
