Хоразм вилояти ИИБда “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирининг дастлабки натижалари танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди
2026-07-04 09:00:00 / Янгиликлар

Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасида вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Абдумажид Шермухамедов раислигида вилоят ҳудудида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг дастлабки икки куни якунлари юзасидан танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари ва масъул ходимлари, шунингдек, шаҳар-туман ички ишлар органлари бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари иштирок этди.
Тадбир аввалида вилоят ҳудудида ўтган икки кун давомида амалга оширилган тезкор-профилактик ишлар, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар осойишталигини мустаҳкамлаш борасида эришилган натижалар атрофлича таҳлил қилинди.
Йиғилишда профилактик тадбирлар давомида фош этилган жиноятлар, қидирувда бўлган шахсларни аниқлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарор сақлаш ҳамда аҳоли билан манзилли ишлаш юзасидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда жиноятларнинг содир этилишига сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, ҳуқуқбузарликларни эрта босқичда аниқлаш ҳамда профилактика инспекторлари, тезкор хизматлар ва секторлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ҳудудларда жиноятчиликни жиловлаш, криминоген вазиятни барқарор сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасида самара бераётган илғор тажрибалар таҳлил қилиниб, уларни бошқа шаҳар ва туманларда ҳам кенг жорий этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилиш танқидий-таҳлилий руҳда ўтиб, ҳар бир шаҳар ва туман ҳамда соҳавий хизмат раҳбарларининг амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.
Йўл қўйилган камчиликлар ва ишдаги сусткашликлар кескин танқид қилиниб, уларни қисқа муддатларда бартараф этиш, хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда белгиланган вазифаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Вилоят ИИБ бошлиғи томонидан “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари давомида ҳар бир раҳбар шахсий масъулият билан иш ташкил этиши, мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланиши, аҳоли мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириши ҳамда ҳар бир маҳаллада жиноятларнинг барвақт олдини олишга қаратилган манзилли профилактик чора-тадбирларни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, масъул раҳбар ва ходимларга аниқ вазифалар ҳамда муддатли топшириқлар белгилаб берилди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати







