Пойтахтга олиб ўтилаётган гиёҳвандлик воситалари Тошкент вилоятида ушлаб қолинди
2026-07-04 09:00:00 / Янгиликлар

Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудида ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи ҳамда «Қора дори – 2026» профилактик тадбири доирасида ДХХ Оҳангарон тумани бўлими ва туман ИИБ тезкор ходимлари томонидан гиёҳвандлик билан боғлиқ навбатдаги ҳолат фош этилди.
Хусусан, жорий йилнинг 1 июль куни соат тахминан 20:40 ларда туман ҳудудида жойлашган «Чинор» ЙПХ масканида «Водий – Тошкент» йўналишида ҳаракатланиб келаётган «Матиз» русумли енгил автомобиль текшириш учун тўхтатилди.
Текширув жараёнида автомашина ҳайдовчиси С.Ж.нинг хатти-ҳаракатлари шубҳа уйғотгани сабабли, холислар иштирокида транспорт воситаси белгиланган тартибда текширилди.
Натижада автомашинанинг пол қисми остидан қора полиэтилен пакетга ўралган, ўткир ҳидли, тўқ яшил рангли, гиёҳвандлик воситаси, «гашиш»га ўхшаш модда аниқланди. Дастлаб “машинани хоҳлаганча текширинглар, ҳеч нарса йўқ“, деб бонг ураётган ҳайдовчининг сўзларига кўра, ушбу модданинг оғирлиги тахминан 50 грни ташкил этиши маълум бўлди.
Аниқланган модда холислар иштирокида белгиланган тартибда ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқаро С.Ж.га нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати


