Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бўлинмалари фаолиятини ўрганмоқда
2026-06-24 10:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи генерал майор Рустам Джураев хизмат сафари доирасида Қашқадарё вилоятига ташриф буюриб, вилоят Ички ишлар бошқармаси бўлинмалари фаолияти билан танишди, хизмат ва жанговар тайёргарлиги олиб борилаётган бир қатор хизматлар ҳамда ўқув-машғулот объектларини бориб кўрди, ходимларнинг хизмат ўташ шароитлари, моддий-техника таъминоти даражаси, шунингдек, ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган ташкилий ва амалий чора-тадбирлар билан танишди, масъул раҳбарларнинг ҳисоботларини тинглади, тақдимотлар билан танишиб, тегишли топшириқлар берди.
Хусусан, вилоят ИИБ Жамоат тартибини сақлаш патруль-пост хизмати бошқармасида биринчи ўринбосар хизматни ташкил этиш, ходимларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлик даражаси, фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш кўникмалари, кийим-бош ва жиҳозлар ҳолати, хизмат хоналари, навбатчилик қисми ҳамда махсус техника ҳолати билан танишди. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар бўйича патруль-пост хизмати баталони командири ахборот берди.
Рустам Джураев Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари ташкилоти ва мувофиқлаштирувчи штаб ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилишда иштирок этиб, «Ayollar daftari» ва «Ayol.gov.uz» ахборот платформасига киритилган муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, жумладан, оилавий-маиший муносабатлар соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этилган оилаларга манзилли ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботларни тинглади.
Вилоят ИИБ ҳузуридаги вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида марказнинг янги биноси ва имкониятлари тақдимоти ўтказилди. Муассаса раҳбари марказ фаолияти ҳақида ҳисобот берди. Рустам Джураев фаолиятни янада такомиллаштириш, профилактика ва реабилитация ишлари самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берди.
Вилоят ИИБ ЖХХ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида йўл-патруль хизмати инспекторларининг хизмат шароитлари, маъмурий амалиёт маркази фаолияти, бўлинмаларнинг моддий-техника таъминоти ўрганилиб, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар ва истиқбол режалари ҳақида ЙҲХБ бошлиғи полковник О. Муродов ахборот берди.
Бундан ташқари, янги ўқув-машғулот полигони «Қўнғиртоғ»да яратилган шарт-шароитлар ва моддий-техника базаси, шунингдек, ўқув жараёни ташкил этилиши ҳамда фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш кўникмаларини машқ қилиш бўйича машғулотлар ўрганилди.
Шунингдек, кинология хизмати фаолияти ҳам ўрганилиб, хизмат итларини ташкил этиш, сақлаш ва тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.
Барча йўналишлар бўйича жамоат хавфсизлиги хизматини янада такомиллаштириш, шахсий таркибнинг жанговар шайлигини ошириш ва хизмат интизомини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилди.
ИИВ ЖХД Ахборот хизмати




