«Чилонзор тажрибаси»ни яратиш. Ички ишлар вазирлиги раҳбариятининг Навоий вилоятидаги ўрганишларининг иккинчи кун тафсилоти
2026-02-18 09:00:00 / Янгиликлар

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Диёрбек Нематжонович Сатторов томонидан Навоий вилоятида жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечириш мақсадида ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишлар давомида бир нечта маҳалла ва объектлар кўздан кечирилиб, криминоген вазиятни яхшилаш бўйича бир қатор муҳим кўрсатмалар берилди.
Вилоят Ички ишлар бошқармасида ўтказилган йиғилишда Президентимизнинг жорий йил 27 январь куни ўтказилган йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси, ҳудудда бу борада амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлил қилинди.
Жумладан содир этилган жиноятлар ва келиб чиқиш омиллари, уларни олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар муҳокама қилиниб, мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштириш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда фаолият самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ходимлар орасида хизмат-интизоми ва қонунчиликка риоя қилинишини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида урғу берилди.
Шундан сўнг, Кармана тумани «Янги ариқ» маҳалласидаги ўрганишлар давом эттирилиб, аҳоли истиқомат қилувчи ушбу ҳудудда жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаш мақсадида Президентимиз топшириғига асосан, пойтахтда синовдан ўтган «Чилонзор тажрибаси»ни кенг жорий этиш бўйича тавсиялар берилди.
Хусусан, маҳалланинг «Йўл харитаси»ни қайта кўриб чиқиш, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича масъулларга аниқ муддатли топшириқлар белгилаб берилди.
Ташриф якунида вазир ўринбосари ИИВ Навоий академик лицейида бўлиб бир гуруҳ ўқувчи-ёшлар билан учрашди. Суҳбат давомида улар томонидан қўлга киритган ютуқлар, мазкур таълим даргоҳида таълим ва тарбия олиш учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда таълим жараёнлари билан яқиндан танишди.
Масъулларга лицей ўқувчиларининг таълим олиш сифатини янада ошириш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Вазир ўринбосари томонидан амалга оширилган 2-кунлик ўрганишлар натижасига кўра аниқланган камчиликларни белгиланган муддатларда бартараф этиш ва берилган топшириқлар ижросини тўлақонли таъминлаш учун масъуллар бириктирилди.
Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати









