Давлат активлари агентлиги хавфсизлик маданиятини амалий ёндашув орқали мустаҳкамламоқда
2026-05-01 10:20:00 / Янгиликлар

Давлат активларини бошқариш агентлиги ходимлари Фуқаро муҳофазаси институти томонидан ташкил этилган амалий ўқув машғулотларида иштирок этди. Мазкур ташаббус фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш кўникмаларини ривожлантириш ҳамда замонавий хавфсизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган.

Ташриф доирасида иштирокчиларга Ўзбекистонда содир бўлган зилзилалар тарихи, уларнинг оқибатлари ҳамда хавфларни камайтириш чоралари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича муҳим билим ва кўникмалар шакллантирилди.

Амалий машғулотлар доирасида виртуал реаллик технологиялари ёрдамида ходимлар ёнғинни бартараф этиш жараёнларида иштирок этиб, реал шароитга яқин вазиятларда қарор қабул қилиш кўникмаларини мустаҳкамлади. Махсус “тутун хонаси”да эса чекланган кўриш шароитида хавфсиз эвакуация қилиш бўйича амалий тажриба орттирилди.

Дастур якунида иштирокчилар Марказий Осиёда ягона бўлган, 7,5 баллгача кучли зилзилани симуляция қилувчи махсус қурилмада синовдан ўтди. Ушбу тажриба уларга табиий офатларнинг реал таъсирини ҳис қилиш ва тўғри ҳаракат қилиш алгоритмларини амалда қўллаш имконини берди.

Мазкур ўқув машғулотлари ходимларнинг фавқулодда вазиятларда тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, хавфсизлик бўйича амалий билимларини оширишга хизмат қилади.
