Давлат активлари агентлигида давлат аудит тизимини такомиллаштиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди
2026-04-29 17:00:00 / Янгиликлар

Давлат активларини бошқариш агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги ПФ-252-сон “Давлат аудити ва молиявий назорати фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш доирасида ўқув семинар ташкил этилди.
Мазкур Фармонга мувофиқ, вазирлик ва идораларда Ҳисоб палатасининг вакили сифатида бош инспектор фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, унинг асосий вазифалари бюджет қонунчилиги бузилишларининг олдини олиш, молиявий хавфларни баҳолаш, маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини таҳлил қилиш ҳамда давлат харидларида қонунийликни таъминлашдан иборат.

Семинар Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Нодир Хусанов бошчилигида ўтказилиб, Ҳисоб палатаси бош инспектори Илёр Эргашев томонидан олиб борилди. Унда Давлат активлари агентлиги тизимидаги молиявий масалалар бўйича ўринбосарлари, бош ҳисобчилар, иқтисодчилар, шунингдек, харидлар, комплаенс ва ички аудит хизматлари масъуллари иштирок этди.

Тадбирда давлат молиявий назоратини янги босқичга олиб чиқиш, хусусан “аниқлаш эмас, олдини олиш” тамойилини кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, бюджет қонунчилигига қатъий риоя этиш, молиявий хавфларни барвақт аниқлаш, давлат маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш юзасидан амалий тушунтиришлар берилди. Бундан ташқари, давлат харидлари жараёнларида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий омилларни камайтириш ҳамда молиявий интизомни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар билдирилди.

Мазкур ўқув семинари давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш, очиқлик ва шаффофликни ошириш ҳамда бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.

