Автомобиль саноати ва хусусийлаштириш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
2026-04-22 11:00:00 / Янгиликлар

2026 йил 21 апрель куни Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов ҳамда GM International компаниясининг вице-президенти Томми Ҳосеа иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида томонлар автомобиль саноатидаги икки томонлама ҳамкорликнинг жорий ҳолатини атрофлича таҳлил қилди. Хусусан, амалга оширилаётган қўшма лойиҳаларнинг ижроси, эришилган амалий натижалар ҳамда соҳани янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, янги хусусийлаштириш дастури доирасида инвестициявий жозибадорлиги юқори бўлган давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларига хорижий инвесторларни, жумладан, АҚШ бизнес доираларини фаол жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ушбу йўналишда ҳамкорликни кенгайтириш, инвесторлар учун қулай ва барқарор ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, шунингдек, очиқлик ва шаффофлик тамойилларини изчил таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни изчил давом эттириш, амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлигини ошириш, ўзаро мулоқотни янада фаоллаштириш ҳамда соҳадаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга келишиб олди.
