ҚУЁШ ПАНЕЛЛАРИ ҚАНЧА ФОЙДА КЕЛТИРАДИ
2025-10-15 20:00:00 / Янгиликлар

Осиё тараққиёт банки мутахассисларининг баҳолашича, қуёш энергияси салоҳияти тахминан 51 миллиард тонна нефть эквивалентини ташкил этади. Уни амалга ошириш учун мамлакатимиз қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга киришди. Бу нафақат қуёш, балки шамол, сув оқимлари, биогаз қурилмалари ва бошқалар ёрдамида олинган энергиядир. Ўзбекистонда қуёш панелларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш мақсадида мамлакатимиз аҳолиси ва тадбиркорларни имтиёзлар ва субсидиялар бериш орқали рағбатлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги биринчи қадам Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўлди. Ушбу ҳужжатга кўра, қуёш панеллари ишлаб чиқарувчилари беш йил давомида барча турдаги солиқлардан озод қилинди. Бундан ташқари, ишлаб турган энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланилган ойдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғини тўлашдан озод этилиши назарда тутилган.
