“ПРОПАН ЗАПРАВКА”ларда саноат хавфсизлиги муҳокама қилинди
2025-08-21 16:00:00 / Янгиликлар
2025-йил 20-август куни Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг Сирдарё ҳудудий бўлими манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда Оқолтин тумани Шодлик МФЙ ҳудудида жойлашган газ тарқатиш пунктида “Суюлтирилган углеводород газини тўкишда хавфсизлик масалалари” мавзусида кенгайтирилган кўргазмали ўқув-семинар ташкил этди.

Тадбирда вилоятда фаолият юритаётган 20 га яқин автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари, газ тўлдириш пунктлари ва станцияларининг раҳбар ҳамда масъул ходимлари иштирок этди. Уларга содир бўлган фавқулодда ҳолатлар, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар махсус видеороликлар орқали намойиш қилинди.
Семинар давомида иштирокчиларга суюлтирилган газни тўкиш жараёнида хавфсизлик қоидалари бевосита жойида амалий тарзда кўрсатилди. Шунингдек, саноат хавфсизлиги, техника хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Якунда тактик ўқув машғулоти ўтказилиб, тезкор гуруҳ томонидан фавқулодда вазият кўргазмали тарзда бартараф этилди.




