ИПОТЕКА ДАСТУРИ ДОИРАСИДА 2024 ЙИЛДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР ВА 2025 ЙИЛ УЧУН РЕЖАЛАР МУҲОКАМАСИ
2025-01-23 19:00:00 / Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ипотека дастури доирасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 йил учун режалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўтган 2024 йилда 100 мингдан зиёд хонадонга эга 2 минг 44 та кўп қаватли уй барпо этилди. Жон бошига уй-жой ҳажми 19 квадрат метрдан ошди (2020 йилда 16 квадрат метр бўлган). Умуман, 2024 йили юртимизда 21,4 миллион квадрат метр турар жой ва 19,1 миллион квадрат метр нотурар объектлар, жами 40,5 миллион квадрат метр бино-иншоот қурилди. Ўтган йилда қурилган 100 минг хонадон ҳисобига пудратчилар, бошқарув ва сервис, қурилиш материаллари, транспорт каби соҳаларда 350 минг одам ишли бўлди. Мебел, электротехника, тўқимачилик, қурилиш материаллари соҳаларида қўшимча 11 триллион сўмлик бозор пайдо бўлди. Қурилишни рағбатлантириш учун 2024 йилда 17 триллион сўм ипотека кредити ажратилди, қурувчи ва девелоперларга айланма учун жами 3 триллион сўм маблағ берилди. Шу боис давлатимиз раҳбари ҳокимлар уй-жой қурилишига фақат ижтимоий ёки қурилиш масаласи деб эмас, балки ҳудудини иқтисодий ривожланишида асосий “драйвер” сифатида қараши зарурлигини таъкидлади. “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш бўйича мутлақо янги тизим йўлга қўйилиши таъкидланди.
Энди “Янги Ўзбекистон” массивига берилган ер бўйича лойиҳалашни 2 ойдан, қурилишни бошлашни 3 ойдан оширишга йўл қўйилмайди. Бу талаб бузилса, ер қайтариб олиниб, қайта ауксионга чиқарилади. Лойиҳа экспертизасини ўн беш кундан ўтказиб юборган ташкилотларнинг лицензияси тўхтатиб қўйилади. Қурилишда “эскроу” тизими жорий қилинмоқда. Бу тизим девелоперларга ҳозиргидан пастроқ ставкада маблағ жалб қилиш имконини беради. Муҳими, девелоперларни молиялаштириш уй қуриш билан бирга бошланади ва давом этади. Фуқаролар эса қурилиш бошидан ипотека ва субсидия олиш ҳамда уй битмасдан туриб ҳам бошқа одамга сотиш имконига эга бўлади. Бу билан уй сотиб олувчилар кафолатли ҳимояланади. Мамлакатимизда аҳолига расмий иш жойи бўлмаса ҳам, даромадини декларация асосида ҳисобга олиб, ипотека кредити олиши учун имконият яратилган. Лекин ҳозирда хорижга ишлашга кетганларга “Ўзбекистонда расмий даромади йўқ”, деган важ билан кредит ва субсидия берилмаяпти. Мутасаддиларга хорижда меҳнат қилаётган ва олти ой ичида мунтазам пул ўтказиб келаётган фуқароларимиз даромадини ҳисобга оладиган тизим яратиш топширилди. Йиғилишда фойдаланишга топширилган уйлар бўйича ҳам эътирозлар кўплиги кўрсатиб ўтилди.Охирги икки йилда уй-жой қурилиши бўйича 5,5 мингдан зиёд қоидабузарлик аниқланган. Хусусан, 88 та ҳолатда пудратчилар лойиҳага зид равишда уйларга ортиқча 1-2 қават қўшиб қурган. Ёки фойдаланишга қабул қилинган 74 та кўп қаватли уйларда қурилиш сифати бўйича жиддий камчиликлар аниқланган. Шу маънода, пудратчиларнинг қурилиш маданиятини тубдан ошириш зарурлиги қайд этилди. Ҳозир пудратчилар қурилишни бошлаш учун ҳужжатларни камида 5 босқичда келишиши керак. Бунга 2 ойгача вақт кетаяпти. Бу жараёнлар соддалаштирилиши эълон қилинди. Қурувчилар “Шаффоф қурилиш” платформаси орқали тайёр лойиҳани идоралар билан онлайн келишади. Улар камчилик кўрсатса, бартараф қилади. Қурилиш лойиҳага мос бажарилишини Қурилиш соҳасида назорат инспексияси текширади ва битганидан кейин хулоса беради. Объектни фойдаланишга топширишда фақат 2 та идора – ҚСНИ ва ёнғин хавфсизлигидан хулоса олинади. Зарур бўлса, бошқа соҳадаги мутахассисларни инспексиянинг ўзи жалб қилади. Жорий йилда 120 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисоб-китоб қилинган. Бунга қўшимча 15 минг хонадон Янги Тошкентда барпо қилинади ва бу уйларда “яшил” энергиядан фойдаланилади. Энергия барқарорлигини таъминлаш учун хусусий шериклик асосида 100 мегаватт-соат сиғимли электр сақлаш қуввати ўрнатилади. Янги Тошкентдаги уйларни иситиш ва совутиш марказлашган тригенератсия тизими орқали бўлади. Барча бино-иншоотларга юқори энергия самарадорлик талаблари жорий қилинади. Транспорт, ёритиш тизимлари ва зарядлаш станциялари фақат “яшил” талаблар асосида бўлади. Жорий йилда уй-жой дастурларини молиялаштиришга бюджетдан 15,5 триллион сўм ресурс берилмоқда. Банклар бунга қўшимча 10 триллион сўм йўналтиришни мақсад қилган. “Ипотека компанияси” ҳам бу мақсадларга 2,3 триллион сўм ресурс йўналтиради. Мутасаддиларга 2025 йилда камида 70 мингта хонадон учун ипотека кредити тақдим этиш, шундан 30 минги учун кредитни бошланғич бадал учун бюджетдан субсидия тўлаб, даромади юқори бўлмаган оилаларга бериш вазифаси қўйилди.Соҳада яширин иқтисодиётни янада қисқартириш учун янги уй-жой оладиган фуқароларга ўзи тўлаган маблағининг бир қисмини кешбек қилиб қайтариш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди. Йиғилиш давомида мутасаддилар ва ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланди.









