Халқаро илмий-амалий анжуман иштирокчилари Сурхондарёга келди
2024-10-17 10:00:00 / Янгиликлар
Жорий йилнинг 17-18-октябр кунлари Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом сивилизациясида тутган ўрни” мавзуига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди.

Бугун мамлакатимизнинг кўзга кўринган исломшунос олимлари, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчилари билан бирга Туркия, Қатар, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Қирғизистон каби дунёнинг ўнга яқин давлатидан таниқли олим ва уламолар Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов томонидан Термиз халқаро аеропортида тантанали кутиб олинди.
Меҳмонлар орасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Миср Араб Республикаси бош муфтийси Назир Муҳаммад Айёд, Қатар Халқаро мусулмон уламолар кенгаши раиси Али Муҳйиддин Қорадоғи, Ҳиндистон Уламолари уюшмаси раиси Аршад Маданий, Туркиянинг Анқарадаги Ислом тафаккури институти директори Меҳмет Гўрмез каби таниқли уламолар бор.
