Термиз шаҳрида кўп қаватли турар жойларга хизмат кўрсатиш ҳамда тиббиёт соҳасидаги вазифалар ижроси ўрганилди
2026-04-03 10:00:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳридаги “Моваро” турар жойлар мажмуасида Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялари университети талабалари томонидан ташкил этилган сервис бошқарув компанияси фаолияти билан танишди.
Жараёнда ҳудудни ободонлаштириш, санитария ҳолатини яхшилаш, чиқиндиларни самарали бошқариш ҳамда сервис хизматларини сифатли ташкил этиш ишлари кўздан кечирилди.
Масъулларга фаолиятни тизимли йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиш ва улар орқали талабалар бандлигини таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, ҳудудда замонавий инфратузилмани шакллантириш ва унинг меъморий қиёфасини яхшилаш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.
Шундан сўнг, Балх вилояти Савдо-саноат палатаси раиси, “Gazanfar Group” компанияси раҳбари Ғазанфар Муҳаммад Иброҳим ҳамда Ўзбекистоннинг Мазори Шариф шаҳридаги Бош консули Жафар Фаттоев иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспорт-импорт ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва тўқимачилик саноати соҳаларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Учрашув якунида қатор йўналишлар бўйича келишувларга эришилди.
Кейинги манзилда ўтган ҳафтада берилган топшириқлар ижроси юзасидан “Келажак маркази” биносини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, вилоят ҳокими ўрганишлар давомида вилоят перинатал маркази фаолияти билан ҳам танишди. Жумладан, телемедицина технологиялари асосида бошқа тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда мураккаб юқори технологияли операцияларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Масъулларга барча марказий тиббиёт муассасаларида телемедицина тизимини жорий этиш, оналар ва болалар ўлимини кескин камайтириш, бу борада шахсий масъулиятни ошириш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Ўрганишлар давомида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Волонтёр ёшлар томонидан бу ерда даволанаётган болаларга совғалар топширилди.
Шунингдек, Онкология ва гематология маркази фаолияти билан танишилиб, таълим узлуксизлигини таъминлаш мақсадида бемор болажонлар учун яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан танишилди.


