Термиз шаҳрида черковни таъмирлаш, реновация ҳамда тадбиркорлик лойиҳалари ижроси ўрганилди
2026-04-01 11:00:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларга ташрифини якунлаб, Термиз шаҳрида ўрганиш ишларини давом эттирди.
Дастлаб, шаҳарда жойлашган Александр Невский черковини реставрация қилиш ва унинг атрофини ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.
Шунингдек, Шодлик маҳалласи ҳудудидаги эски кўп қаватли турар жойларни реновация асосида қайта қуриш жараёнлари билан танишилди. Вилоят раҳбари мазкур лойиҳаларни жадаллаштириш, шунингдек, бошқа ҳудудларда ҳам аҳоли билан келишган ҳолда, уларнинг розилиги асосида эски уй-жойлар ўрнида замонавий, қулай ва барча шароитларга эга турар жойлар барпо этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берди. Бунда, энг аввало, аҳолининг розилигини таъминлаш муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг, “Тахмураз” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган, умумий қиймати 3 миллион долларлик умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини ўз ичига олган лойиҳа қурилиши билан танишилди. Ўтган йилги ўрганишларда ёш тадбиркорнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш натижасида мебелчиликни ривожлантиргани ҳамда қисқа вақт ичида янги ташаббусларни ҳам амалга оширгани қайд этилди. Хусусан, “Корзинка” супермаркетлар тармоғи филиали ташкил этилиб, йирик озиқ-овқат маҳсулотлари базаси шакллантирилган.
Эндиликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳага ҳам таниқли хорижий брендларни жалб этган ҳолда фаолиятини янада кенгайтириш ва уни янги босқичга олиб чиқиш устида иш олиб бормоқда. Вилоят раҳбари томонидан тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, зарур кўмакларни кўрсатиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, ўрганиш ишлари давомида шаҳардаги истироҳат боғларини замонавий талаблар асосида жиҳозлаш, йирик фаввораларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш орқали улар атрофида кўнгилочар тадбирлар ва концерт дастурларини ташкил этиш юзасидан Термиз шаҳар ҳокими ва масъулларга аниқ вазифалар юкланди.
