Президент топшириғи ижроси: “Қумқўрғон – Қудуқли” темир йўл участкасини электрлаштириш ишлари бошланди
2026-03-31 11:00:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг жорий йил 26–27-феврал кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида муҳим инфратузилма лойиҳаларидан бири — 103 километр узунликдаги “Қумқўрғон – Қудуқли” темир йўл участкасини электрлаштириш ишлари бошланди.
Мазкур лойиҳа ҳудудда юк ва йўловчи ташиш самарадорлигини ошириш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда тезюрар поездлар ҳаракатини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов лойиҳа тақдимоти билан яқиндан танишиб, унинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари, амалга ошириш босқичлари ҳамда кутилаётган натижалар юзасидан мутасаддилар ахборотини тинглади. Шунингдек, Азларсой маҳалласида сел ва сув тошқинларининг олдини олишга қаратилган лойиҳа тақдимоти ҳам кўздан кечирилди.
Ташриф давомида вилоят ҳокими нуроний отахонлар билан биргаликда ушбу йирик инфратузилма лойиҳасига тантанали равишда старт берди.
Лойиҳа нафақат ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, балки янги иш ўринларини яратиш, логистика имкониятларини кенгайтириш ва аҳолига янада қулай транспорт хизматларини кўрсатишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.






