Жарқўрғон туманига янги ҳоким тайинланди
2026-03-27 14:00:00 / Янгиликлар

Бугун Халқ депутатлари Жарқўрғон тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги устувор вазифалар ҳақида сўз юритди.
Сессияда Жарқўрғон тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган Элмурод Авазов эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.
Вилоят раҳбари томонидан Жарқўрғон тумани ҳокими лавозимига Сапаров Илҳом Очилович номзоди таклиф этилди. Мазкур номзод Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари томонидан маъқулланди.
Маълумот учун, Илҳом Сапаров 1975-йилда Термиз туманида туғилган. 2002-йилда Термиз давлат университетининг бакалавриат, 2011-йилда магистратура босқичини тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида Сурхондарё вилояти Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, Халқ таълими ҳамда Маданият бошқармаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. Тайинловга қадар эса Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари лавозимида ишлаган.



