Термизда Сурхондарё – Шанси бизнес-форуми бўлиб ўтди
2026-03-26 22:00:00 / Янгиликлар

Бугун Термиз шаҳрида Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида Сурхондарё (Ўзбекистон) – Шанси (Хитой) бизнес-форуми ташкил этилди.
Дастлаб, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз халқаро аеропортида Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган делегация аъзолари билан ишчи учрашув ўтказди. Унда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, қўшма инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилиниб, вилоят раҳбари форум иштирокчиларига муваффақият тилади.
Шундан сўнг, меҳмонлар университет ҳузурида ташкил этилган, Сурхондарё вилоятининг геологик салоҳиятини акс эттирувчи музей билан танишдилар.
Бизнес-форум доирасида ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан амалий музокаралар ўтказилди. Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг иқтисодий, инвестициявий ва экспорт салоҳияти бўйича тақдимот намойиш этилди.
Музокаралар якунида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга қаратилган қатор келишувларга эришилди.









