Инфратузилма, турар жойлар ҳамда халқаро дастур доирасидаги лойиҳалар ижроси ўрганилди
2026-03-24 10:00:00 / Янгиликлар

Президентимиз қарори билан тасдиқланган “Тараққиёт ва етакчилик маскани” дастури доирасида Термиз туманида қўшимча бешта маҳалла танлаб олиниб, уларда инфратузилмани яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз туманида мазкур маҳаллаларда олиб борилаётган ишлар, шунингдек, аввалги ташрифлар давомида берилган топшириқлар ижроси билан танишди.
Хусусан, масъуллар томонидан бешта маҳаллани ўзаро боғловчи марказда савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, дорихона, экобозор ҳамда мактабгача таълим муассасаси қуриш лойиҳалари тақдим этилди. Шунингдек, аҳолини томорқадан самарали фойдаланишга ўргатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Тадбиркорлик лойиҳалари ва инфратузилма ишларини жадаллаштириш, ҳудудларни Янги Ўзбекистон қиёфасига мос равишда ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, туманнинг Гулистон маҳалласида соғломлаштириш маскани қурилиши жараёнлари билан ҳам танишилди.
Шундан сўнг, Термиз шаҳрининг Мангузар маҳалласида барпо этилаётган “Янги Термиз сити” мажмуасида кўп қаватли турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик лойиҳалари қурилиши ҳолати ўрганилди. Масъуллар томонидан қурилиш ишларининг бориши, бузилган турар ва нотурар жойлар учун компенсация тўловлари ҳамда мажмуани муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш ишлари юзасидан ахборот берилди.
Бундан ташқари, Каттабоғ маҳалласида кўп қаватли уй-жойлар қурилиши, шаҳар бўйлаб ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ҳолати ҳам кўздан кечирилди. Ўрганиш давомида бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш ва иқтисодий жиҳатдан мақбул лойиҳаларни жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ёшлар боғи сайилгоҳи негизида Япон боғи ташкил этиш лойиҳаси тақдимот қилинди. Лойиҳа аввалги тавсиялар асосида такомиллаштирилган бўлиб, қисқа муддатда зарур шароитларни яратиш ва амалий ишларга киришиш бўйича вазифалар белгиланди.
Шундан сўнг, Термиз, Ангор, Музработ ва Шеробод туманларида Ислом тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасидаги ишлар кўздан кечирилди.
Жумладан, Термиз тумани Нурафшон маҳалласида аввалги ўрганишларда танқид қилинган инфратузилма ва мактабга қўшимча бино қурилиши лойиҳалари ижроси таҳлил қилинди. Қурилиш ишларида сифатли материаллардан фойдаланиш таъминланиб, ишлар қайтадан йўлга қўйилган. Шунингдек, ҳудудда қўшимча инфратузилма ишлари амалга оширилиб, кўп қаватли уй-жойлар атрофи ободонлаштирилган ва фасад қисми янгиланган.
Вилоят раҳбари мазкур ҳудудлар ҳамда бошқа туманлардаги ишлар билан танишиб, масъулларга аниқ топшириқлар берди.
Ўрганишлар давомида Шеробод туманида жойлашган Исо ат-Термизий мажмуасига олиб борувчи йўлни таъмирлаш ишлари ҳолати ҳам кўздан кечирилиб, тегишли кўрсатмалар берилди.
Якунда қурилиш соҳасидаги дастур ва лойиҳалар ижроси, белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилиши тармоқ ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб, масъул раҳбарларнинг ахборотлари тингланди.


