Ўзбекистон халқининг Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами етказилди
2026-03-18 14:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқлари билан халқимизнинг бағрикенглик ва қўллаб-қувватлаш рамзи сифатида "Рамазон ҳайити" муносабати билан Афғонистон аҳолисига 17 та юк машинасида 300 тоннадан ортиқ озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар ортилган навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юклари Балх вилоятига етказилди.
Инсонпарварлик юклари Ҳайратон шаҳридаги "Астрас" компанияси ҳудудида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон Республикасининг Афғонистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ойбек Усманов ҳамда Балх вилояти губернаторининг ўринбосари Нурулҳоди Абуидрис, шунингдек, икки томон расмийлари иштирокида топширилди.
Инсонпарварлик ёрдами таркибидан ун, гуруч, ярим тайёр гўшт (тушёнка), шакар, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, тез тайёрланадиган таомлар, шунингдек, тўқимачилик маҳсулотлари ва йирик ҳажмли сув идишлари ўрин олган.
Афғонистон расмийлари Ўзбекистон Президенти ва халқига кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорчилик билдириб, Рамазон ҳайити муносабати билан самимий табрикларини йўллашди.






