Қурилиш соҳасидаги лойиҳалар ижроси ўрганилди
2026-03-09 13:00:00 / Янгиликлар

Бунёдкорлик майдонига айланган Термиз шаҳрида турар жойлар барпо этиш билан бир қаторда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган йирик ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари ҳам амалга оширилмоқда. Мазкур обектларда қурилиш жараёнлари устидан олиб борилаётган қатъий назорат келгусида уларнинг узоқ йиллар давомида хавфсиз ва барқарор фаолият юритишини таъминлашга хизмат қилади.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз шаҳрининг "Сурхон соҳили" маҳалласида "Сурхон саноат қурилиш" компанияси томонидан барпо этилаётган "Темирчилик кластери" қурилишида ушбу жиҳатларга эътибор қаратилди. Жараёнда ишлар лойиҳа-графигидан ортда қолаётгани, бу эса янги иш ўринлари яратилиши кечикишига сабаб бўлаётгани танқид қилинди. Масъулларга лойиҳа ижрочиси билан биргаликда қўшимча куч ва ресурслар жалб этган ҳолда қурилиш ишларини жадаллаштириш вазифаси юклатилди.
Шундан сўнг "Янги Термиз сити" мажмуасида амалга оширилаётган турар жойлар, тижорат ва ижтимоий обектлар қурилиши кўздан кечирилди. Шу ернинг ўзида мутасаддилар томонидан 2026-йилда 13 015 хонадонли 123 та кўп қаватли турар жой қурилиши ҳамда уларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан тақдимот қилинди.
Вилоят раҳбари шаҳарда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан бирга айрим талаб ва меъёрларга риоя этилмаётганига ҳам эътибор қаратди. Жумладан, саноат ва қурилиш обектларида юк машиналарининг ортиқча юклама билан ҳаракатланиши йўллар ҳолатига салбий таъсир кўрсатаётганига масъуллар томонидан етарлича эътибор берилмаётгани танқид қилинди.
Шунингдек, хусусийлаштириш дастурларининг сифатли амалга оширилмагани сабабли айрим обектлар ҳанузгача бўш тургани, инвестиция мажбуриятлари бажарилмагани натижасида кўзланган иш ўринлари яратилмагани ва маҳаллий бюджетга тушумлар таъминланмаётгани қайд этилди. Масъулларга бир ҳафта муддатда тақдим этилган лойиҳалардаги камчиликларни бартараф этиш, хусусийлаштириш жараёнларида йўл қўйилган хатоларни бартараф қилиш ҳамда бўш обектларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ чоралар кўриш вазифаси юклатилди.









