"Ёш китобхон" танлови ғолиблари тақдирланди, ҳудудларга "Китоблар карвони" йўл олди
2026-02-18 15:05:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг 2026-йил 15-январдаги "Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-9-сон қарорига мувофиқ мамлакатимизда китоб мутолааси маданиятини кенг тарғиб қилиш, янги нашр ва таржималарни кўпайтириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобга қизиқишни ошириш, шунингдек, кутубхона ва таълим муассасаларини соҳавий ҳамда касбий адабиётлар билан таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган.
Мазкур қарор ижроси доирасида жорий йилнинг 10-15-феврал кунлари Сурхондарё вилояти шаҳар ва туманларида 37 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирокида "Ёш китобхон" танловининг ҳудудий босқичлари ўтказилди. Танлов якунида сараланган 150 нафар фаол китобхонни тақдирлаш маросими Термиз шаҳридаги Адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, танлов ғолибларини самимий муборакбод этди. Билим ва тафаккури, мустақил фикрлаши билан тенгдошларига намуна бўлаётган ёшлар, уларнинг ота-оналари ва устозларига миннатдорлик билдирилди. Ёш китобхонлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди. Масъул ташкилотларга билдирилган таклифлар асосида китобхонликни оммалаштиришга қаратилган аниқ ва самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Тадбирда қайд этилганидек, воҳада китобхонлик ҳаракатини изчил давом эттириш мақсадида жорий йил март ойида барча ташкилот, идора ва корхоналарда фаолият юритаётган давлат хизматчилари ўртасида ҳам китобхонлик танлови ўтказилади. Ғолибга автомобил топширилиши режалаштирилган.
Шунингдек, танловнинг ҳудудий босқичида сараланган 150 нафар ёш китобхон таҳсил олаётган мактабларга 100 мингдан ортиқ нусхадаги китоблар жамланмаси етказиб бериш мақсадида "Китоблар карвони" ҳудудларга йўлга чиқарилди.
Маълумот ўрнида, Президент ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Ёш китобхон" кўрик-танловининг республика босқичи ғолиби автомобил билан тақдирланади.









