Сурхондарёда ёшларнинг стартап лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда
2026-02-17 20:45:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, сунъий интеллект ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш, ёшларнинг замонавий билим ва кўникмаларини ошириш устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Ушбу вазифалар ижроси доирасида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Ангор туманида фаолият юритаётган "ИТ. Сунъий интеллект. Тадбиркорлик" ўқув марказида бўлиб, ёшлар томонидан ишлаб чиқилган стартап лойиҳалар ва рақамлаштириш дастурлари тақдимоти билан танишди.
Тақдимот давомида СММ мактабини ташкил этиш лойиҳаси, хусусий клиникалар учун рақамли бошқарув дастури, логистика марказлари фаолиятини рақамлаштириш тизими, сунъий интеллект асосида хорижий тилларни ўқитиш платформаси, шунингдек қишлоқ хўжалигини рақамлаштиришга қаратилган дастурий ечимлар намойиш этилди.
Шу билан бирга, вилоят ҳокимининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект бўйича маслаҳатчиси томонидан вилоят ҳокимлиги ҳамда тегишли ташкилотлар фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш юзасидан ишлаб чиқилаётган дастурлар ҳақида ахборот берилди.
Вилоят раҳбари ёшлар ташаббусларини амалий босқичга олиб чиқиш, уларни молиявий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади. Барча ҳудудлардан иқтидорли ёшларни саралаб олиш, ғоя ва ташаббусларни рағбатлантириш, стартап лойиҳаларни кенг жорий этиш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.






