Учта туманда жиноятчиликка қарши курашиш, яширин иқтисодиётга барҳам бериш ва бозорлар фаолияти ўрганилди
2026-02-06 20:00:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилоятида жиноятчиликка қарши курашиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш, гиёҳвандликка қарши қатъий чоралар кўриш ҳамда бозорларда хавфсиз ва тартибли савдони йўлга қўйишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугун вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Шўрчи туманларида мазкур йўналишларда олиб борилаётган ишлар ижросини ўрганди. Хусусан, туманлардаги марказий озиқ-овқат ва деҳқон бозорлари фаолияти, аҳоли учун арзонлаштирилган асосий турдаги маҳсулотлар ярмаркаларини ташкил этиш ҳолати кўздан кечирилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва туманлар масъуллари томонидан бозорларни рақамлаштириш, хавфсиз ва тартибли савдони таъминлаш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Вилоят раҳбари бозорларда тартиб-интизомни кучайтириш, савдо субектлари учун қонуний ва шаффоф муҳит яратиш, ҳудудлар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида бозорларни тўлиқ видеокузатув камералари билан жиҳозлаш ишларини жадаллаштириш бўйича масъулларга аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Шунингдек, ташриф давомида маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш ишларининг ҳолати, бу борада "маҳалла еттилиги"нинг ҳамкорликдаги фаолияти ўрганилиб, масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Ўрганишларда аввалги топшириқларга мувофиқ туман марказларида инфратузилмани яхшилаш, замонавий шаҳарсозлик қиёфасини шакллантириш, аҳоли учун қулай муҳит яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам кўздан кечирилди.









