Қизириқда автомагистрал йўли бўйида йирик сервис ва саноат маркази ишга туширилди
2025-12-11 20:20:00 / Янгиликлар

Президентимизнинг ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича берган топшириқлари ижроси доирасида Сурхондарё вилоятида ҳокимликлар захирасидаги бўш ерлардан самарали фойдаланиш, шунингдек, коллектор устини замонавий усулда ёпиш орқали ҳосил бўлган майдонларда йирик лойиҳаларни амалга ошириш ишлари давом этмоқда.
Бугун мазкур лойиҳалар доирасида Қизириқ тумани Оқжар маҳалласидан қиймати 37,5 млрд сўм бўлган йирик сервис ва саноат маркази фойдаланишга топширилди. Лойиҳа доирасида 150 та хизмат кўрсатиш ва сервис обекти, шунингдек, 17 та саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ташкил этилди ҳамда 220 та иш ўрни яратилди.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, бундай лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳудуднинг иқтисодий барқарорлиги ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Ҳоким нуронийлар ва маҳалла фаоллари билан биргаликда обектларда яратилган шароитлар, кўрсатилаётган хизматлар ҳамда ишлаб чиқариш қувватлари билан танишди. Нуронийлар юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги учун дуо қилди.
Шунингдек, шу ҳудуднинг ўзида 4 қаватли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш марказлари, шунингдек, 5 гектар майдонда барпо этиладиган бозор ва хизмат кўрсатиш бинолари бўйича лойиҳа-таклифлар тақдимот қилинди. Учрашув якунида лойиҳаларни ҳудуднинг ҳолати ва иқтисодий самарадорлиги нуқтайи назаридан янада такомиллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.







