Афшонада 1,5 миллион долларлик этнотуризм шаҳарчаси барпо этилмоқда
2026-10-19 09:50:00 / Янгиликлар

Мажмуа таркибидан буюк аллома Абу Али ибн Сино уй-музейи, тарихий карвонсарой, миллий ҳунармандчилик устахоналари, меҳмон уйлари, чойхоналар ва соғломлаштириш масканлари ўрин олиши режалаштирилган. Бу ерда сайёҳлар нафақат тарихий мерос билан танишиш, балки миллий ҳунармандчилик намуналари, анъанавий меҳмондўстлик ва маҳаллий турмуш тарзини ҳам яқиндан ҳис этиш имкониятига эга бўладилар.
Этнотуризм шаҳарчасининг ташкил этилиши Афшона қишлоғининг туристик жозибадорлигини ошириш, ички ва хорижий сайёҳлар оқимини кенгайтириш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий имкониятларидан самарали фойдаланишда муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳа доирасида 55 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Бу эса маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, ҳунармандчилик ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Тарих ва замонавийликни уйғунлаштирувчи «Афшона» этнотуризм шаҳарчаси келгусида Пешку туманининг муҳим туристик масканларидан бирига айланиб, Бухоро вилоятининг бой маданий меросини кенг намоён этишга хизмат қилиши кутилмоқда.





