Топшириқлар ижроси — масъулият ва натижанинг муҳим мезони
2026-09-16 16:15:00 / Янгиликлар
Давлат бошқарувида ҳар бир топшириқнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши фақатгина белгиланган вазифанинг бажарилиши эмас, балки масъулият, интизом ва натижадорликнинг муҳим кўрсаткичидир. Зеро, қабул қилинаётган ҳар бир қарор ва берилган ҳар бир топшириқ замирида, аввало, халқ манфаати мужассам.
Шу боис бугунги кунда ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш, масъулларнинг шахсий жавобгарлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Пешку туман ҳокимлигида ҳам мазкур йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сонли Фармони ҳамда 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сонли қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлаш, назорат қилиш ҳамда натижадорлигини ошириш бўйича аниқ механизмлар йўлга қўйилган.

Ҳар бир топшириқ — эътибор ва назоратда
Жорий йилнинг 8 ойи давомида Пешку туман ҳокимлиги бошқарув аппаратида 54 та Ўзбекистон Республикаси Қонуни, 153 та Президентнинг қарор, фармон ва фармойишлари, 198 та Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари рўйхатга олинди.
Ушбу ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида масъул ижрочиларга аниқ вазифалар юклатилиб, тегишли “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди. Белгиланган вазифалар ижрочиларга етказилиб, уларнинг бажарилиши мунтазам равишда назорат қилиб борилди.
Ижро интизоми масаласига бир марталик тадбир сифатида эмас, балки доимий эътибор талаб қиладиган муҳим жараён сифатида ёндашилмоқда. Буни ўтказилаётган муҳокамалар ҳам яққол кўрсатади.
Жорий йилнинг ўтган даврида туман ҳокимлиги аппаратида ижро интизоми ҳолати 64 маротаба муҳокама қилинди. Ҳар ҳафтанинг душанба куни туман ҳокими ҳузурида, жума кунлари эса туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳузурида ўтказиладиган йиғилишларда ижро ҳужжатларининг белгиланган муддатларда бажарилиши, кечикишларнинг олдини олиш ва масъулларнинг вазифалари муҳокама қилиб борилди.
Бу жараёнда рақамли технологиялардан самарали фойдаланишга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда. Хусусан, “edo.ijro.uz” ижро интизоми идоралараро электрон тизимига 9 488 та ҳужжатлардаги топшириқлар рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ижроси мунтазам назорат қилинмоқда.
Мурожаат — инсон тақдири, унинг ижроси — масъулият
Давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш алоҳида ўрин тутади. Чунки ҳар бир мурожаат ортида инсоннинг муаммоси, эҳтиёжи ва қонуний манфаати туради.
Пешку туман ҳокимлигида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳам белгиланган талаблар асосида ташкил этилган.
Жорий йилнинг ўтган даврида “edo.ijro.uz” электрон тизимига 780 та жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари рўйхатга олиниб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилиши, масъулларнинг масъулияти ва ижро ҳужжатларининг электрон тизимга белгиланган муддатларда жойлаштирилиши мунтазам муҳокама қилиб борилмоқда.
Шу билан бирга, туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари томонидан тасдиқланган жадвал асосида фуқароларнинг шахсий қабули ҳам мунтазам ташкил этилмоқда. Қабул жараёнида фуқароларнинг мурожаатлари белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, уларни ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилмоқда.
Мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг ечими бўйича фуқароларга ёзма жавоблар юборилиши таъминланмоқда.
Натижа — асосий мезон
Бугун давлат бошқарувида фақат топшириқ беришнинг ўзи етарли эмас. Унинг қай даражада, қандай муддатда ва қандай натижа билан бажарилгани муҳим.
Шу маънода, Пешку туман ҳокимлигида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича йўлга қўйилган тизимли назорат, ҳафталик муҳокамалар, электрон тизим имкониятларидан фойдаланиш ва масъулларнинг шахсий жавобгарлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зеро, ижро интизоми — шунчаки ҳужжатларни белгиланган муддатда бажариш эмас. У — масъулият, талабчанлик ва энг муҳими, халқ манфаати йўлида аниқ натижага эришиш мезонидир.
Пешку туманида ҳам бу тамойил асосида иш олиб бориш, ҳар бир топшириқ ва мурожаатга масъулият билан ёндашиш, белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда натижадорликни ошириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади.
Пешку туман ҳокимлиги бошқарув
аппарати ижро интизоми назорати
бўйича бош мутахассиси К.Ҳамроев
