“Чиғирчи маҳалласида янги тадбиркорлик маркази иш бошлади”
2026-06-12 17:20:00 / Янгиликлар

Туманда ўзининг сифатли маҳсулотлари ва самарали фаолияти билан муносиб обрў қозонган “Заҳратун” тадбиркорлик субъекти томонидан ташкил этилган ушбу марказ бир неча йўналишларда хизмат кўрсатишни йўлга қўйди. Янги марказнинг ишга туширилиши натижасида қўшимча иш ўринлари яратилиши, маҳаллий аҳоли даромадлари ошиши ҳамда ҳудуд иқтисодий салоҳиятининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Тадбиркорлик марказининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Бахриддиновна Маҳкамова ҳамда Пешку тумани ҳокими Ҳаёт Давлатов иштирок этди.
Тадбир давомида меҳмонлар янги марказда яратилган шароитлар, амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгусидаги режалар билан яқиндан танишдилар. Зулайхо Маҳкамова сўзга чиқиб, Пешку аҳолисини ушбу қувончли воқеа билан самимий табриклади ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолади.
Шунингдек, Пешку тумани ҳокими Ҳаёт Давлатов ҳам янги марказ фаолияти туман иқтисодий ривожига, аҳоли фаровонлигини оширишга ва янги иш ўринлари яратишга муносиб ҳисса қўшишини таъкидлаб, тадбиркорларга келгуси фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилади.
Тадбир якунида маҳалла фаоллари ва нуронийлар томонидан юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирилди.









