Пешку: чевар Насиба Шамсиева цехида 6 нафар аёлни иш билан таъминламоқда
2026-05-06 11:55:00 / Янгиликлар

У ташкил этган ушбу устахона қисқа муддатда нафақат ишлаб чиқариш, балки ёш қизлар учун ҳунар ўрганиш масканига ҳам айланди. Шамсиева Насиба уста-шогирд анъанасини давом эттирган ҳолда 6 нафар шогирдни касбга ўргатиб, уларга тикувчиликнинг нозик жиҳатлари, замонавий бичим ва дизайн асосларини пухта ўргатди.
Бугунги кунда устахона фаолияти изчил йўлга қўйилиб, шогирдлар билан биргаликда янгича услубдаги, миллий ва замонавий уйғунликдаги кўйлаклар тикиш йўлга қўйилган. Тайёр маҳсулотлар сифати, диди ва замонавийлиги билан ажралиб туриб, маҳаллий бозорларда ўз харидорини топмоқда. Буюртмалар сонининг ортиб бораётгани эса фаолиятни янада кенгайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш имконини бермоқда.
Умуман, бундай қўллаб-қувватлаш чоралари — хусусан, кредит маблағлари эвазига замонавий тикув ускуналарини харид қилиш имконияти хотин-қизлар учун катта рағбат бўлмоқда. Насиба Шамсиеванинг фаолияти ҳам бунинг яққол мисоли бўлиб, у нафақат ўзининг барқарор даромад манбаига эга бўлди, балки бир нечта ёш қизларнинг ҳам касб эгаллаши ва мустақил даромад топишига замин яратди.
Бу каби ташаббуслар хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни ҳунармандчиликка кенг жалб этиш ҳамда оилалар фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.





