Дейча маҳалласида иссиқхона хўжаликлари ривожи — даромад ва бандлик манбаи
2026-04-08 15:05:00 / Янгиликлар

Маҳалладаги илғор ва намунали хўжаликлардан бири — Камоловлар оиласининг иссиқхона фаолиятидир. Улар томонидан 25 сотих ер майдонида ташкил этилган парникда помидор етиштирилмоқда. Ҳозирги кунда иссиқхонадаги ҳосил тўлиқ пишиб, терим жараёнлари бошланган бўлиб, маҳсулотлар бозорга чиқарилмоқда.
Камоловлар оиласи йил давомида ўртача 15 тоннагача помидор етиштиришга эришмоқда. Етиштирилган маҳсулотлар ҳозирда бозорларда бир килограмми ўртача 25 минг сўмдан сотилмоқда. Бу эса оилага йил якунида 200–250 миллион сўм атрофида даромад олиш имконини бермоқда. Мазкур натижалар оилавий тадбиркорликни тўғри йўлга қўйиш, замонавий агротехник усуллардан фойдаланиш ҳамда меҳнатни оқилона ташкил этиш самарасидир.
Шу билан бирга, ушбу иссиқхона хўжалиги орқали мавсум давомида 10 нафардан ортиқ фуқаро доимий иш билан таъминланиб, уларнинг ижтимоий ҳолатини яхшилашга ҳам ҳисса қўшилмоқда. Бу эса маҳаллада бандликни таъминлаш, ишсизликни камайтириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Умуман олганда, Дейча маҳалласида иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш орқали қисқа муддатда юқори ҳосил олиш, йил давомида даромад манбаига эга бўлиш ҳамда бозорларни сифатли маҳсулот билан таъминлашга эришилмоқда. Бундай тажрибалар нафақат маҳалла, балки бутун туман миқёсида оммалаштирилиши лозим бўлган самарали модел сифатида эътироф этилмоқда.
Келгусида ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш орқали ҳудуд иқтисодиётини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.





